Минглаб чақирим масофа, турли иқлим ва ўзгача маданият. Бир қарашда Болтиқ денгизининг салқин қирғоқлари ва Марказий Осиёнинг қуёшли водийлари ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқдек туюлади. Аммо тарих саҳифаларини синчиклаб варақласак, бу икки ўлка ўртасидаги инсоний ришталар қанчалик мустаҳкам эканига гувоҳ бўламиз.
Ўзбек замини асрлар давомида турли тақдир эгаларини ўз бағрига олган, уларга иккинчи Ватан бўлган маскандир. Литваларнинг юртимиздаги тарихи ҳам ана шундай мураккаб, синовли ва айни пайтда ибратли воқеаларга бой. Бу тарих XVII асрдаги илк тасодифий учрашувлардан бошланиб, бугунги кунгача давом этиб келмоқда.
XVII асрга оид манбаларда Туркистон савдогарларининг Рус давлати ҳудудида “литвалик асирлар” билан дуч келгани ҳақида айрим ишоралар мавжуд. Бу дастлабки алоқалар пароканда характерга эга эди. Литваларнинг Ўзбекистон ҳудудида муқим жамоа сифатида шаклланиши эса XIX асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Россия империяси армияси таркибида ва кейинчалик турли фуқаролик хизматлари юзасидан юртимизга келган литвалар дастлаб Тошкент, Самарқанд ва Фарғона водийси шаҳарларида қўним топдилар. “Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, ХХ аср бошларига келиб, Туркистон ўлкасида мингга яқин литва истиқомат қиларди. Улар орасида ҳарбийлар, ҳунармандлар ва зиёлилар салмоқли ўрин эгаллаган.
Адодларимиз азалдан диний бағрикенгликни муҳим қадрият деб билишган. Ўзга дин вакилларига ҳам бағрикенглик билан муносабатда бўлишган. Тарихчи Людмила Жукованинг маълумот беришича, 1902 йилда Туркистондаги литвалар ҳаётида ўзгариш бўлди. Шу йили Марказий Осиё католикларининг диний раҳбари этиб ксёндз Юстин Пранайтис тайинланди. Унинг раҳбарлигида литвалар ҳаётида жонланиш юз берди. Тошкент, Самарқанд ва Скобелев (ҳозирги Фарғона)да ибодатхоналар қурилди. Улар узоқ юртдан келган инсонлар учун руҳий таянч, ўзликни сақлаш маскани вазифасини ўтади.
Тарих чархи айланиб, Биринчи жаҳон уруши бошланганда, ўлкага қочоқлар ва ҳарбий асирлар оқими кириб келди. 1915 йилда урушдан қочган литваликлар учун махсус бошпана ташкил этилди. “Поляк костёли” қошидаги ётоқхонада олтмишдан ортиқ кишига жой берилди ва улар иш билан таъминланди. Оғир кунларда кўрсатилган бу ғамхўрлик кўплаб оилаларнинг жонини сақлаб қолди. 1917 йилнинг май ойида Тошкентда “Вильтис” (Умид) жамиятининг тузилиши жамоанинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини янги босқичга кўтарди. Бу жамият литвалик миллатдошларни бирлаштириш, уларга маънавий ва моддий кўмак беришда муҳим ўрин тутди.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари ўзбек ва литва халқларининг тақдири яна бир бор туташди. Эвакуация қилинган минглаб инсонлар қаторида литвалар ҳам Ўзбекистондан паноҳ топдилар. Умумий душман – фашизмга қарши курашда ўзбекистонлик литвалар ҳам мардлик намунасини кўрсатдилар. Виленас Волфас, Виктор Позняк ва Григорий Мац кабининг кўрсатган жасорати Қаҳрамон унвони билан тақдирланди. Урушдан кейинги йилларда, хусусан, 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг шаҳарни қайта тиклашда литвалик қурувчиларнинг ҳиссаси беқиёс бўлди. Улар қисқа муддатда пойтахтимиз аҳолиси учун 300 хонадондан иборат тўртта кўп қаватли уйни қуриб битказдилар. Бу уйлар дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг рамзи бўлиб қолди.
Ўзбекистондаги литвалар жамоаси сон жиҳатдан кўп бўлмаса-да, мамлакат илм-фани ва маданияти ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшди. Ядро физикаси соҳаси билимдони Б.Витолтас, тиббиёт фанлари доктори Г.Манкус каби олимларнинг изланишлари юқори баҳога лойиқ. Меъморлар А.Жмуйда ва Г.Жмуйда, ҳайкалтарош Я.Кучис, рассом А.Читкаускас ва витраж устаси И.Липене каби ижодкорларнинг асарлари бугун ҳам юртимиз маданий қиёфасига ўзгача файз бағишлаб турибди. Улар ўз иқтидори ва меҳнати билан ўзбек санъати хазинасини бойитдилар. Тошкент ва Самарқандда истиқомат қилаётган литвалар ўз миллий урф-одатларини асраб-авайлаб келмоқдалар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистондаги литвалар тарихи инсонпарварлик, бағрикенглик ва дўстлик ҳақидаги жонли ҳикоядир. Асрлар давомида турли миллат вакилларининг бу заминда тинч-тотув яшаши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилган шароит ўзбек халқининг азалий қадриятларидан далолат беради. Тақдирлар чорраҳасида кесишган йўллар бизни нафақат ўтмиш хотираси, балки келажакка бўлган ишонч билан ҳам боғлаб туради. Зеро, тарих синовларидан ўтган дўстлик ҳар қандай бойликдан устундир.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА