
Тошкент шаҳрида давом этаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 150 -ассамблеяси доирасида Парламент аёл аъзолари форумининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очиб, форум фаолиятининг 40 йиллик юбилейи билан унинг барча аъзоларини Ўзбекистон парламенти номидан қутлади.
– Форум – Парламентлараро Иттифоқ таркибида самарали фаолият кўрсатди, - деди Т.Норбоева. – Айниқса, кейинги 30 йилда мамлакатлар парламентларидаги аёллар улушининг 11,3 фоиздан 27,2 фоизгача ўсишида аёллар форумининг ҳиссаси катта. Бугунги анжуманда 120 га яқин мамлакатдан делегациялар иштирок этаётгани ҳам форумнинг глобал аҳамияти, гендер тенглик масаласи эса ассамблеянинг диққат-марказидаги мавзу эканини кўрсатади. Барчамизга маълумки, ҳар қандай глобал таҳдид вужудга келмасин, улар хотин-қизлар масаласига бевосита алоқадор ва ўзининг таъсирини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан аёллар масаласи, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасидан қатъий назар, ҳар бир мамлакат учун долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ҳам дунёнинг тез ривожланаётган мамлакатларидан бири сифатида гендер масаласига устувор аҳамият бермоқда.
Тарихий қисқа муддатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида оилалар мустаҳкамлиги, аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича янги тизим, миллий модель яратилди. Аввало, мазкур масала давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Конституция даражасида, шунингдек, мамлакатнинг стратегик ҳужжатларида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш муҳим масалалардан бири сифатида белгиланди.
Қисқа муддатда халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси ҳамда институционал асослар шакллантирилди. Республика даражасидан энг қўйи бўғин – маҳаллагача хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган узвий тизим йўлга қўйилди. Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар яратилди.
Амалга оширилган ишлар самарасини хотин-қизларнинг таълим, тадбиркорлик, давлат бошқаруви ва бошқа соҳаларда фаоллиги ошишида кузатиш мумкин. Жумладан, ҳозирги кунда олийгоҳларда таълим олаётган талабаларнинг ярмидан зиёдини қизлар ташкил этмоқда. Бунинг учун ёш хотин-қизларга давлатимиз томонидан турли имтиёзлар жорий этилган.
Шунингдек, ишбилармон аёллар сафи икки баробарга кенгайиб, 205 мингдан ошди. Мақсадимиз иқтисодиёти йилига 6 фоиздан ўсиб бораётган Ўзбекистонда турли соҳаларда хотин-қизлар тадбиркорлигини кенг ривожлантиришдан иборатдир.
Миллий парламентда хотин-қизларнинг улуши 38 фоизга етиб, Осиё минтақасидаги энг юқори кўрсаткични қайд этганини Парламентлараро Иттифоқ ҳам эътироф этди.
Ўзбекистон ўз сиёсатида хотин-қизлар турмуш даражасини ошириш, уларга нисбатан турли нотенгликларни бартараф этиш, айниқса иқлим ўзгариши салбий таъсирлари, зўравонлик ва камситилишларнинг олдини олишга қаратилган махсус тадбирларни амалга оширишни энг устувор вазифалар сифатида белгилаган.
-Бугун замоннинг ўзи барчамиздан ўзаро ҳаракатларимизни уйғунлаштириш ва фаоллаштиришни талаб қилмоқда. Биринчи навбатда, Ўзбекистон парламентлараро ҳамкорликда аёллар фаоллигини ошириш бўйича халқаро фаолиятни кучайтирди. Айниқса, минтақавий кесимда бу борада ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр.
Жумладан, беш йил илгари Ўзбекистоннинг ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари Мулоқоти ташкил этилган эди. Бугун ушбу формат хотин-қизларга оид минтақа учун хос бўлган долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилишнинг самарали механизмига айланди. Мазкур ижобий тажрибани Парламентлараро Иттифоқдаги бошқа минтақавий гуруҳлар доирасида ҳам жорий этиш ва шу орқали барча минтақалар ривожланишида аёллар иштирокини кенгайтиришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз, - деди Сенат Раиси.
Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида мамлакатларимизда гендер тенгликка эришиш борасидаги натижаларни аниқ индикаторларга асосланган ҳолда баҳолаш, бу борада ҳар бир давлат ўз олдига қўйган вазифаларни бажариши юзасидан қўшимча чора-тадбирларни белгилаши тўғри бўларди. Шубҳасиз, бу ва ҳар бир давлатнинг ўзига хос бўлган бошқа йўналишдаги ишлари Парламентарий аёллар форуми бошчилигида ва ҳамкорлигида бўлиши мақсадга мувофиқ.
Норгул Абдураимова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА