Жиззах давлат педагогика университетидаги “Қирол Сежонг” корейс тили маркази 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни олдидан ёшлар учун навбатдаги маданий тадбир –“К-поп” танловини ўтказди.
Ушбу мусиқий кечада Жиззах шаҳридаги турли таълим муассасаларидан келган 9 та жамоа замонавий корейс мусиқаси — К-поп жанридаги рақс ва қўшиқларини ижро этишди.

Ёш ижрочиларнинг жонли чиқишлари, ранг-баранг костюмлари ва ёқимли куй-қўшиқлари томошабинларга кўтаринки кайфият улашди.
Овоз бериш якунларига кўра, 3-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Меҳрибон Муродова 1-ўринни қўлга киритди.

– К-поп 1990 йилларда Жанубий Кореяда шаклланган бўлиб, бугун дунё миқёсида ёшлар қалбини забт этган санъат турига айланди, – дейди “Қирол Сежонг” маркази менежери жаноб Ким. – Жиззахда ҳам бу йўналишга қизиқувчи ёшлар сони ортиб бораётгани жуда қувонарли ҳолдир.

Тадбир давомида корейс маданиятига хос таомлар тайёрланиши барчанинг диққат марказида бўлди. Марказ устозлари ва ўқувчилари биргаликда 200 килограмм чимчи тайёрлаш жараёнини намойиш этдилар.
Шунингдек, иштирокчилар машҳур кимпап таомини ҳам ўз қўллари билан тайёрлаб, унинг рецепти ва тайёрланиш сирларини ўрганишди.
Жиззах шаҳридаги бу мусиқий ва кулинар тадбир Корея муҳитини яратди десак асло муболаға бўлмайди.
А. Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари