Юртимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни ҳар томонлама баркамол шахс қилиб тарбиялаш, ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Ўқувчи-ёшлар ўртасида театр санъати ва саҳна маданиятини ривожлантириш, нотиқлик маҳоратини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва улар учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида ташкил этилган “Турон” мактаб театри ҳамда “Иқтидор” мактаб ансамбли Республика танловлари ҳам ёшларимизда ижодий салоҳиятни рўёбга чиқариш, мустақил фикрлаш ва саҳнада ўзини эркин тутиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Эътироф этиш жоиз, ушбу танловнинг Республика босқичида Бухоро вилояти ёшлари юксак натижаларга эришди. “Иқтидор” мактаб ансамбли Республика босқичида Ғиждувон тумани 46-мактабнинг “Ёш ҳаваскорлар” жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритди ва хорижий давлатга таълим саёҳати йўлланмасига сазовор бўлди.

Шунингдек, “Турон” мактаб театри танловида Когон шаҳридаги 3-мактабнинг “Элегант” жамоаси муносиб иштирок этиб, 3-ўринни қўлга киритди ва вилоят шаънини муносиб ҳимоя қилди.

Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остидаги маданий-маърифий тадбирда шу ғолиб ва фаол жамоалар сафидаги 40 нафар иқтидорли ёш саҳна ижрочилари ўз ижодий маҳоратларини намойиш этди.

“Турон” мактаб театри ва “Иқтидор мактаб ансамбли” танловларининг ҳудудий ҳамда республика босқичларида ғолибликни қўлга киритган мактаб жамоалари ўзининг бадиий чиқишлари билан томошабинларга унутилмас лаҳзалар улашди.

Тадбирда Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари Бахтиёр Адилов ва вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.