Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор Омонбой Оқюлов 70 ёшга тўлди.
Шу муносабат билан Тошкент давлат юридик университетида “Фуқаролик қонунчилигини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Конференция Омонбой Оқюловнинг ҳаёт йўли ва тажрибаларини ўрганиш, унинг илмий ишларини тадқиқ этиш ва бўлғуси ҳуқуқшуносларга етказиш, ҳуқуқ соҳасининг ривожи, босқичлари ва бу соҳадаги изланишлар, тадқиқотлар, шу жумладан, устоз ҳуқуқшуноснинг фаолияти хусусида аҳоли, айниқса, ёшларга маълумот бериш мақсадида ташкил этилди.
Халқаро конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов, адлия вазири А.Тошқулов ва бошқа бир қатор ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳуқуқшунос олимлар ўз табрик сўзларини билдириб, устозни қутлуғ ёши билан самимий муборакбод этди.

Адлия вазири А.Тошқулов олимнинг суд-ҳуқуқ соҳаси ривожи ҳамда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашда кўрсатган юксак хизматлари чуқур қадрланишини қайд этди. Устознинг илмий мактабида тайёрланган дарсликлар, монографиялар, қўлланмалар ҳамда илмий тадқиқот ишлари ҳуқуқшунослик соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Фуқаролик қонунчилигини таҳлил қилиш ва уни такомиллаштиришнинг барча жараёнлари олимнинг бевосита ва билвосита иштирокида ўтган.
Устоздаги ҳалоллик, камтарлик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик, касбга садоқат, каттаю-кичикка бирдек муносабатда бўлиш ёш мутахассислар учун ибрат мактаби экани алоҳида эътироф этилди.
Конференция профессор-ўқитувчиларнинг илмий-маърузалари билан давом эттирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА