Нон – азиз неъмат.
Халқимиз азалдан нонни ўзгача қадрлаган.
Нон – ризқ-рўзимиз, дастурхонимиз кўрки. Айниқса, тандирдан янги узилган ноннинг иси кишига хуш ёқади.
– Нон ёпишни раҳматли онамдан ўрганганман, - дейди наманганлик Гулнора Топилдиева. – Уй нони тўйимли, озуқа ва витаминларга бой бўлади. Ўртача катталикда 12 дона нон ёпиш учун 5 килограмм буғдой уни, 1 литр сут ҳамда илиқ сув керак бўлади. 200 грамм маргарин, туз, ачитқи солиб яхшилаб хамир қорамиз. Хамирнинг тайёр бўлганлигини уни қориш жараёнидаги овозидан билиш мумкин. Муштланганда қарсиласа, демак хамиримиз яхши қорилган. Уни кўпчитиш учун яхшилаб ўраб қўямиз. Икки соатларда қарасангиз оширилган хамир “мен тайёрман”, дегандай ёқимли ҳид чиқаради. Хамирдан зувала ясаб, тиндирамиз. Бир фурсат тургач, зувалаларни юмалоқлаб, шакл берамиз. Қизиган тандирда тобига етгунча қизартириб оламиз. Пишган ноннинг ҳиди димоғни қитиқлайди. Кулчаларни қўлига олиб, чуқур-чуғур қилаётган невараларимнинг қувончи эса янада тотли.
[gallery-3959]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА