Божхона қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Шахсий хавфсизлик ва Контрабандага қарши курашиш бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Навоий” чегара божхона пости орқали мобил уяли алоқа воситаларини юртимизга ноқонуний тарзда олиб киришга уринган 4 нафар шахслар тўхтатиб қолинди.
Тадбир давомида қўшни давлатдан юртимизга пиёда ҳолда кириб келган фуқаролар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида уларнинг бел қисми ва қўл юклари орасига жами 180 дона “iPhone” русумли уяли алоқа воситалари хуфиёна тарзда беркитилгани маълум бўлди.

Ашёвий далил сифатида олинган мазкур телефонларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 млрд. 80 млн. сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА