ЎзЛиДеП фракцияси вакиллари томонидан Наманган вилоятининг бир қатор ҳудудларида мактаб ва мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди. Хусусан, Наманган шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимлари, Норин, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида эса хусусий ва уй боғча фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишилди.
Ўрганишлар давомида бир қатор ижобий ишлар билан бирга, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам борлиги аниқланди. Хусусан, Наманган вилоятида нодавлат боғчалар учун ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича гаров объектларини алмаштириш қийинлашган. Саудия тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилиши керак бўлган кредитлар тижорат банклари томонидан тўлиқ ажратилмаяпти. Шунингдек, иссиқлик таъминоти модернизация қилинган бўлса-да, шартнома майдонлари янгиланмаган.
Халқ вакилларининг ўрганишлари давомида аниқланган шу каби муаммолар юзасидан Қонунчилик палатаси депутати Бахтиёр Артиқов томонидан мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримовга депутатлик сўрови юборилди.
Таъкидлаш лозимки, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида таълим-тарбия масканларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан мақсад таълим сифатини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва фуқароларнинг таълимга бўлган эҳтиёжини қондириш, мактабгача ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамровини кенгайтиришдан иборатдир. Шундай экан, ушбу муассасалардаги юзага келаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА