Мамлакатимизда таълим олиш ҳуқуқи Конституция даражасида белгилаб қўйилган. Ушбу норма таълим тизими давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири, шунингдек, инсон капиталининг яратилишида таълим тизимининг ўрни беқиёс эканлигини тасдиқлайди.

Дарҳақиқат, Асосий қонунимизнинг 50-моддасида: “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди...”, дея қайд этилган.
Давлат нафақат давлат таълим ташкилотлари, балки, нодавлат, хусусий ҳамда давлат хусусий шериклик асосидаги таълим ташкилотларининг ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беради. Конституциявий пойдевор ҳамда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан бугунги кунга келиб олий таълим муассасалари сони 65 тадан 211 тага, ёшларнинг олий таълим билан қамрови 43 фоизга етказилди. 2023/2024 ўқув йилида республика олий таълим муассасаларини жами 197 минг 319 нафар талаба тамомлади. Улар замонавий фикрлаши, бир нечта хорижий тилларни мукаммал билиши, энг асосийси, ўз мутахассислигининг сир-асрорларини пухта ўзлаштирганлиги билан ажралиб туради.
Сўнгги йилларда ёшларимизни ҳар томонлама етук, жаҳон тараққиётига мос мутахассислар қилиб тайёрлаш мақсадида олий таълим муассасаларининг молиявий ҳолати яхшиланди, профессор-ўқитувчилар ва талабалар яқиндан қўллаб-қувватланмоқда.
Ҳозирда 30 дан ортиқ олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилган. Бу эса ўқув масканларида таълим сифатини яхшилаш, ўқув ишларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этиш, меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизда Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги ҳам белгилаб қўйилган. Ушбу норма олий ўқув юртларида замон талаблари даражасида сифатли таълим бериш, олий таълим жозибадорлигини ошириш, халқаро нуфузли олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, талабаларни илм-фаннинг энг сўнги ютуқлари билан таништириш ҳамда фан-таълим натижаларини тижоратлаштириш имконини берди.
Дарвоқе, Асосий қонунимизда ўқитувчи-педагогларнинг ҳуқуқий мақоми ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Жумладан, 52 моддада: “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади”, дейилади.
Мазкур Конституциявий норманинг моҳиятига эътибор берадиган бўлсак, ўқитувчи-педагоглар меҳнати мамлакатимизни ривожлантириш, етук авлодни камол топтириш, шу билан бирга халқимизнинг маънавий ва маданий салоҳиятини янада бойитишнинг асоси сифатида таъкидланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” олий таълим тизимининг халқаро стандартларга мос иш олиб боришига туртки берди. Ўқув жараёнларига рақамли технологиялар ва замонавий ўқитиш усулларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, кредит-модул тизимига ўтиш каби ишларнинг жадаллаши айнан ушбу концепция билан бевосита боғлиқ.
Соҳадаги яна бир янгиликлардан бири 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб “Регистратор офиси” фаолияти йўлга қўйилди. Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу тизим талабаларга хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида фаолият кўрсатаётган “Регистратор офиси” 40 дан зиёд меъёрий ҳужжатларнинг электрон кўринишда юритилишига замин яратди.
Натижада муассасамизда ўқув жараёнини рақамлаштириш, жаҳон илм-фани ютуқлари билан интеграциялашиш, шунингдек, талабалар ҳақидаги зарур маълумотларни ўз вақтида олиш имконияти вужудга келди.
Рақамли таълим технологиялари маркази билан ҳамкорликда “Регистратор офиси” ва университет ўқув бўлими, деканатлар, бухгалтерия, маркетинг ва амалиёт, илмий, халқаро алоқалар бўлимлари ўртасида ягона электрон ҳужжат айланишини таъминловчи “r-office.tdtu.uz” тизими ҳам ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда 30 нафардан зиёд илғор ёш мутахассислар офисда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, “Регистратор офиси” кенг қамровли бўлиб, унда абитуриентлар, талабалар билан бирга профессор-ўқитувчилар ҳамда маъруза ўқишга жалб этилган мутахассисларга оид электрон ҳужжатлар билан ҳам ишлаш имконияти мавжуд.
Олий таълим муассасаларида жорий этилаётган рақамли “Регистратор офиси” фаолияти нафақат ходимлар вақтини, балки давлат бюджети маблағлари тежалишига ҳам замин яратмоқда.
Қисқа қилиб айтганда, таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътиборнинг Бош Қомусимизда белгиланиши ҳамда давлатимизнинг ушбу соҳа ривожи учун доимий ва яқиндан қўллаб-қуввватлаб келаётгани яқин келажакда илм-фан соҳасида улкан муваффақиятларга эришишимиздан далолат беради.
Санжар Шоқўчқоров,
Тошкент давлат техника университети бўлим бошлиғи.