Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети Хорижий филология факультети профессор-ўқитувчилари Қозоғистоннинг Астана шаҳрида Л.Н.Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университетида ўтказилган халқаро семинар ва тренингларда иштирок этди.
Тадбир Британия Кенгашининг “Accelerating English Language Learning in Central Asia (AELLCA Phase II)” дастури доирасида ташкил этилди.
Ташриф давомида ўқитувчилар учун махсус тренинглар ўтказилди.

– Машғулотларда инглиз тилини ўқитишда замонавий ёндашувлар, коммуникатив методлар ва интерфаол технологиялар бўйича тажриба алмашилди, – дейди Инглиз тили ва адабиёти кафедраси мудири Роҳатой Абидова. – Биз ҳам Қозоғистон ва Қирғизистон ўқитувчилари ва талабаларига маърузалар ўқиб, амалий тренинглар ўтказдик.

Семинарларда PRESETT – инглиз тили ўқитувчиларини дастлабки тайёрлаш тизими методикасини амалиётга тадбиқ этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ўтказилган учрашувлар натижасида Урганч давлат университети, Бишкек давлат университети ва Қозоғистоннинг Евроосиё миллий университети билан келажакдаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича келишувларга эришилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА