АОКАда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази Ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Шавкат Хўжақуловнинг таъкидлашича, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни сифатли бажариш бўйича амалий тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Хусусан, таълим жараёни иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан тегишли 10 та вазирлик ва идораларнинг 41 нафар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди ҳамда амалга ошириладиган ишлар бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Мактабдан ташқари таълим ташкилотлари ўқитувчи-тренерларини ривожланган мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш бўйича илғор хорижий давлатларнинг тажрибалари ўрганилиб, Кореянинг KOICA, Ҳиндистоннинг ITEC, Япониянинг JICA, Франциянинг ЭЙЭФДИ, АҚШнинг After-School Programs ва Австралиянинг Scouts Australia халқаро ташкилотлари грант маблағлари ҳисобидан малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, «Ягона рақамли таълим ресурслари ва хизматлари» портали ишга туширилди. Унга интерфаол таълим ресурслари ва мультимедиа воситалари, виртуал лабораториялар ва симуляциялар, STEM машғулотлари ва халқаро баҳолаш дастурларига оид рақамли ресурслар, рақамли таълимнинг электрон шаклдаги изоҳли луғати, замонавий педагогик дастурий воситалар ва ёрдамчи иловалар, ўқув-услубий қўлланмалар ва тавсиялар, рақамли саводхонлик бўйича интерфаол ўқув курслари ва шу каби бошқа 5 мингдан ортиқ ресурслар жойлаштирилди.
Шунингдек, «Таълим жараёнида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш концепцияси» ишлаб чиқилиб, сунъий интеллект ва рақамли платформалардан фойдаланиш бўйича видео йўриқномалар ҳамда методик кўрсатмалар тайёрланди.
Ўқувчиларнинг STEM фанларига бўлган қизиқишларини ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш бўйича Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари маркази ҳамкорлигида ўқувчиларнинг билимини баҳолаш ва рағбатлантиришга қаратилган йирик лойиҳа – «Иқтидорли болалар республика олимпиадаси – ИБРО–2025»нинг биринчи босқичи ўтказилди.
Олимпиада орқали давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликларнинг амалиётдаги самарадорлигини таҳлил қилиш, ўқувчиларда фанларга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда уларни келажакда касб танловига онгли ёндашишга ундаш кўзда тутилган.
2025 йилда ўтказиладиган PISA 2025 тадқиқотида дунёнинг 91 та мамлакатлари қаторида Ўзбекистон мактабларининг иштирокини таъминлаш бўйича Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, PIRLS 2026 тажриба-синов жараёнларини ташкил этиш учун IEA халқаро ташкилоти томонидан республикамиздаги 30 та мактаб тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинган.
Мазкур жараёнларни самарали ташкил этилишига кўмаклашиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти билан ҳамкорликда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик доирасида педагоглар учун семинар-тренинглар ўтказилди.
Педагогларни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, дарс жараёнларини самарали ташкил этишга кўмаклашиш бўйича қуйидаги номдаги услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди: «Кимё мўжизалари», «Инглиз тилини юмшоқ кўникмалар орқали ўргатиш», «Мактабгача ёшдаги болаларда коммуникатив қобилиятни ривожлантириш», «Салом, Триатлон», «Сунъий интеллектни таълим жараёнида қўллаш» ҳамда «Сунъий интеллект ва робототехника асослари»
Ўқувчиларнинг фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган нейрогимнастика бўйича видео машғулотлар эълон қилиб келинмоқда. Бундан ташқари, дарсни самарали ташкил этиш бўйича 100 га яқин методик тавсия эълон қилинди.
«Мактаб кутубхоначиси» амалий қўлланмаси ва экотадқиқотчилик бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, халқаро ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда мазкур жараёнларга турли хорижий грантларни жалб қилиш бўйича Корея Республикаси Таълим маркази, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият таълими маркази, «ШАРҚ АЁЛИ» Халқаро аёллар жамоат фонди, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош суицидологи билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Жанубий Корея ва Ҳиндистон каби давлатлар билан мактабдан ташқари таълим бўйича малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурлари ташкил этилди.
Жорий йилнинг 16 апрель куни “Таълим муҳитининг трансформацияси: замонавий ўқитишда рақамли технологияларнинг ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда таълим жараёнларини замон талабларига мослаш, рақамли ва инновацион технологияларни жорий этиш, хорижий тажриба ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган стартап лойиҳалари ва робототехника намуналарининг рақамли кўргазмаси намойиш этилди.
2025 йил январь ва март ойларида ўқиш саводхонлиги, математик саводхонлик, табиий-илмий саводхонлик, бошланғич таълим йўналишларида умумтаълим мактаблари педагоглари учун Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида офлайн тарзда Методик марафонлар ташкил этилди.
Шунингдек, ушбу тадбирларда онлайн тарзда республиканинг барча ҳудудларидан 141 000 нафардан ортиқ педагог иштирок этишди. Бунда олимлар, методистлар, психологлар ва амалиётчи ўқитувчилар томонидан 395 та маҳорат дарслари ўтказилди.
Жиззах ва Тошкент вилоятида мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ва бошланғич синф ўқитувчилари учун «Skills Up» семинар-тренинглари ташкил этилди.
Марказ ҳузуридаги Илмий-методик кенгаш йиғилишлари ташкил этилиб, 1-4-синф дарсликлари ва машқ дафтарлари ҳамда қўлланмалар муҳокамадан ўтказилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА