Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2025-2026 ўқув йилида, кундузги таълим шаклида жами 3741 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан:
546 нафар-талабалар турар жойида;
2281 нафар- ижара хонадонларида;
704 нафар-ўз уйида;
210 нафар-яқин қариндошиникида яшаб келмоқда.
Талабаларнинг яшаш жойларидан келиб чиқиб, уларнинг ижтимоий, маънавий ва маърифий ҳаётини яхшилаш, ўқишга бўлган мотивациясини ошириш, хавфсиз яшаш муҳитини яратиш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Талабалар турар жойларида яшовчи 546 нафар талабанинг қулай шароитларда яшашини таъминлаш мақсадида мавжуд 1-2 ТТЖ биноларида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари мунтазам амалга оширилди. Ҳар бир қаватда ўқув ва дам олиш хоналари, гигиена учун зарур бўлган санитария-гигиена хоналарини янгилаш, ёритиш тизимини яхшилаш, интернет тармоғини кенгайтириш ишлари бажарилди. Талабалар учун зарурий маиший қулайликлар, ошхона жиҳозлари билан таъминлаш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида тунги навбатчилик тизими йўлга қўйилди. Ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, спорт мусобақалари, “Китобхонлик кечалари” фаолияти мунтазам йўлга қўйилди. Шунингдек, ётоқхона тарбиячилари ва тюторлар билан ҳамкорликда ҳар бир қаватда тартиб ва интизомни таъминлаш, тозалик ва гигиенага эътибор кучайтирилди.
Энг катта тоифадаги 2281 нафар ижара хонадонларида яшовчи талабалар билан алоҳида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Университет маъмурияти, маҳаллий ҳокимлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида ижарада яшовчи талабалар манзиллари бўйича мониторинг олиб борилади. Ижарага олинган хонадонларнинг санитария ҳолати, хавфсизлик чоралари, ёритиш ва иситиш тизими, ҳуқуқий асослари доимий Университет раҳбарияти томонидан назорат қилинади.
Ўз уйида яшовчи 704 нафар талаба ўқиш билан бир қаторда оилавий масъулиятни ҳам бажариши боис, улар учун ўқиш жараёнида қулай шароитлар яратиш, вақтни тўғри тақсимлаш ва мустақил таълим олиш маданиятини шакллантиришга эътибор қаратилди. Яқин қариндошлариникида яшаётган 210 нафар талаба учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган. Уларнинг яшаш жойларида ўқишга қулай муҳитни сақлаш, оилавий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, талабанинг мустақил фикрлаш ва ўз вақтини самарали тақсимлаш кўникмаларини шакллантириш бўйича психологик маслаҳатлар ва маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказилмоқда. Университет раҳбарияти томонидан олиб борилаётган бу тизимли ишлар талабаларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, уларнинг билим олиш жараёнини енгиллаштириш, яшаш шароитларини яхшилаш ва уларнинг жамиятда фаол шахс сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/drMJFsBKjJg" title="Talabalarni turar joy bilan ta’minlash masalasi doimiy nazoratda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА