Мамлакатимизда ёшларга муносиб иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Яратилаётган имкониятлар натижасида бугунги кунда ёшлар олий таълим муассасаларини тамомламасдан туриб ҳам меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.
Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида жойлашган Шаҳрисабз давлат педагогика институтида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Меҳнат ярмаркаси – 2025” тадбири бўлиб ўтди. Тадбир давомида вилоятдаги 16 та мактабгача таълим муассасаси ҳамда 50 дан ортиқ умумтаълим мактаблари вакиллари иштирок этди.
Талаба-ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда энг муҳими битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда етакчи ташкилотлар, муассасалар ва идоралар вакиллари битирувчи талабалар билан бевосита суҳбат олиб борди, уларни мавжуд иш ўринлари билан таништирди.
“Меҳнат ярмаркаси”да талабалар учун мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилиниб, иш берувчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш, резюме ва ҳужжатларни бевосита топшириш, касбий маслаҳатлар ва мотивацион учрашувлар ташкил этилди.
Таъкидлаш лозимки, Шаҳрисабз давлат педагогика институтида бугунги кунда 3 та факультет, 14 та кафедра, бакалавриат (кундузги, сиртқи ва кечки) таълим шаклларида жами 45 та йўналиш, магистратура босқичида эса 11 та мутахассислик бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Шунингдек, қўшма магистратура дастури ҳам мавжуд бўлиб, институтда ҳозирда жами 9 минг 392 нафар талаба таҳсил олмоқда.
2024-2025 ўқув йилида институтни 2 минг 24 нафар талаба битириши кутилмоқда. Улардан 1 минг 948 нафари кундузги бакалавриат, 76 нафари эса магистратура босқичи талабаларидир.
Тадбир якунида 103 нафар битирувчи талабанинг бандлигини таъминлаш бўйича иш берувчилар билан келишувга эришилди.
– Бугунги меҳнат ярмаркаси мен учун жуда самарали бўлди, – дейди хорижий тил ва адабиёт йўналиши 3-босқич талабаси Райҳона Бектошева. – Шаҳрисабз туманидаги мактабдан ўз мутахассислигим яъни инглиз тили фани ўқитувчилиги бўйича ишга жойлашдим. Биз каби ёшларга қаратилаётган бундай эътибордан мамнунмиз. Эндиликда ўқишни битиргач, иш қидириб сарсон бўлиб юрмайман.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2024-йилда институт битирувчиларининг 95 фоизи доимий иш билан таъминланган. Бу кўрсаткич институтда берилаётган таълим сифати, талабаларнинг амалий кўникмалари ва иш берувчилар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқаларининг самараси, десак муболаға бўлмайди. Шубҳасиз бундай ярмаркалар нафақат ёш мутахассислар бандлигини таъминлаш, балки уларни меҳнат бозорига тайёрлашда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири