Бугун олий таълим муассасалари ўртасида ташкил этилган «Талабалар лигаси» мусобақасининг Тошкент шаҳар босқичида ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди.
Ушбу турнир Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилмоқда. Мусобақанинг Тошкент шаҳар босқичида пойтахтда жойлашган 50 та олий таълим муассасаси жамоалари 8 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб борди.

Унда «Alfraganus» жамоаси чемпионликни қўлга киритган бўлса, Сингапур менежментни ривожлантириш институти жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. «Oriental» жамоаси эса кучли учликни якунлаб берди.
Энди ушбу учта жамоа жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтадиган «Талабалар лигаси» мусобақасининг Республика босқичида иштирок этади. Шунингдек, сўнгги босқичда пойтахтнинг 3 та жамоасидан ташқари вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан биттадан жамоа қатнашади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА