Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида соғлом турмуш тарзини ва оммавий спортни оммалаштириш мақсадида "Талаба югур" мусобақаси ташкил этилди. Унда нафақат олий таълим муассасаларида ўқиётган талаба-ёшлар, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
–Ушбу мусобақа талаба-ёшларни спортга ошна қилиш, уларда спортнинг енгил атлетика турига нисбатан қизиқишни ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва, албатта, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилди, – дейди Гулистон давлат университети проректори Жамол Камолов.


Мусобақада Гулистон давлат университети, Гулистон педагогика институти, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида таҳсил олаётган 2 минга яқин талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, спортнинг енгил атлетика турига қизиқувчи профессионал ва ҳаваскор спортчилар фаол қатнашди.
–“Талаба югур” спорт мусобақасида талабалардан ташқари профессор-ўқитувчилар ҳам фаол иштирок этди. Чунки, мусобақа низомига биноан ушбу мусобақада фаол иштирок этган профессор-ўқитувчиларнинг лавозим маошларига қўшимча устама қўшилиши мумкин, – дейди Гулистонда ташкил этилган "Талаба югур" мусобақасида иштирок этган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодир Қосимов.


Югуриш мусобақаси нафақат беллашув, соғлом турмуш тарзи тарғиботи, балки ҳаётда ғалаба қилиш тимсолига айланди.
Марафон иштирокчилари Гулистон шаҳар марказидаги “Дўстлик” каналидан ўтувчи 3 километрлик масофада югуриб, бирин-кетин марафон чизиғини босиб ўтдилар. Ва натижада дўстлик, бардамлик ғалаба қилди. Якунда мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири