Пойтахтимизда жорий йилнинг 15 январидан 15 февралига қадар гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишга қаратилган “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги ўтказилмоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам мавзуга доир профилактик давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар Наркология диспансери нарколог шифокори Лола Пўлатова қатнашиб, ўз маърузасида гиёҳванд ҳамда психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш, уни истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, тадбирда Миробод туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник О.Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти масъул ходими, подполковник Ғ.Набиев, Миробод туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Тергов бўлими бошлиғи, майор А.Турғунов янги турдаги наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар савдоси ва ушбу жиноятга қарши кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, олиб борилган профилактик тадбирларга қарамай, бундай жиноятлар даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. Тақиқланган моддалар, айниқса, ёшлар орасида кенг тарқалмоқда. Уларнинг кўпчилиги бу моддаларни истеъмол қилиш қандай оқибатларга олиб келишини англамаябди.
Тадбир давомида мавзуга доир видеолавҳалар намойиш этилди ва талабалар мавзу юзасидан саволларига жавоб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА