Ёшларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш наинки ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этади, балки барқарорлик, маънавият билан ҳам узвий боғлиқдир. Зеро, фойдали меҳнат билан банд бўлган ёшлар ўз келажагини аниқ тасаввур эта олади. Улар ўз меҳнатининг Ватан равнақи йўлида сафарбар бўлаётганидан чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини ҳис этади. Карьера пиллапояларидан, ишончли ва дадил қадамлар билан одимлаб, ўз истиқболининг янада ёруғ бўлиши учун интилади.
Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш, бу борадаги долзарб масалалар ечими йўлида аниқ, манзилли ва ижтимоий йўналтирилган ташаббусларни олға суришга катта эътибор қаратмоқда. Барча жойларда фаолият олиб бораётган “Келажакка қадам” марказлари ёшларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш, уларнинг илғор ғояларини қўллаб-қувватлашда, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги уйғунликни таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.


Жорий йилдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Talaba Expo-2025” касб кўргазма-ярмаркаси муваффақиятли ўтказила бошланди. “Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу лойиҳа талаба-ёшларнинг фикрлари, мулоҳазалари, орзу-истакларини батафсил ўрганиш, хоҳиш ва истакларини тинглаш имконини бериши билан ҳам диққатга сазовор.
Андижонда бўлиб ўтган ана шундай кўргазма-ярмарка давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилди.


Тадбир Андижон давлат университетида ташкил этилиб, унда 320 дан ортиқ иш берувчи ташкилотлар 2150 бўш иш ўрни билан иштирок этди. Мазкур кўргазма-ярмарка ёшларни бўш ишчи ўринлари билан яқиндан таништириш, уларнинг илғор ғояларини ўрганиш ва таҳлил этиш, вилоятдаги етакчи корхона ва ташкилотлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш имконини берди.
Хўш, ушбу ижтимоий-маърифий лойиҳанинг натижаси қандай бўлди?


“Talaba Expo-2025” касб кўргазма-ярмаркасига 9 минг 235 нафар ёш келди. Уларнинг салкам икки ярим минг нафари иш берувчи ташкилотлар билан суҳбатдан ўтди. 1031 нафар ёш ишга жойлашди. 72 нафар қатнашчи тадбир доирасида ўз тадбиркорлик лойиҳасини тақдим этди.

“Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти томонидан “Келажакка илк қадам”, “Келажак учун старт”, “Ёруғ келажак сари” номли учта йирик кредит маҳсулотлари тақдим этилди. Бу хизматлар ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, ёшларнинг амалий ғояларини қўллаб-қувватлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Бу каби ижтимоий лойиҳалар мамлакатимиз ёшлари тақдирига давлатимиз бефарқ эмаслигининг яна бир амалий ифодасидир.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири