Бугунги кунда юртимизда 187 та олий таълим муассасаси мавжуд. Ушбу ОТМларда 800 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Уларга 37 мингдан ортиқ профессор-ўқитувчи дарс беради. 31 мингдан зиёд хизмат кўрсатувчи техник ходимлар фаолият кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги қарорига кўра, бир семестр давомида 74 соатдан ортиқ узрли сабабларсиз дарс қолдирган талаба ўқишдан четлаштирилиши мумкин.
Дарсларни сабабсиз қолдирган талаба учун тегишли чоралар белгиланган экан, дарсларга ўз вақтида келмайдиган ёки кеч қолиб келадиган ўқитувчилар учун қандай чоралар қўлланилади?
Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида ЎзА мухбири Олий таълим вазирлиги юридик бошқарма бошлиғи Фаррух Файзиевга мурожаат қилди.
– Ўқитувчининг дарсга келиб-кетиши қандай тартибда ва ким томонидан назорат қилинади?
– ОТМ ўқитувчисининг дарсга келиш-кетишини кафедра ва деканат ҳамда ўқув бўлими назорат қилади. Ҳар бир ўқитувчининг келиш-кетиш ҳолати бўйича унинг табели тўлдирилади. Агарда ўқитувчи дарсга кеч қолса ёки умуман келмай қолса, кеч қолиш мунтазамлик характери касб этадиган бўлса, иш берувчи, яъни университет номидан деканат раҳбари, ўқув ишлари бўйича проректор тегишли чора кўриш ҳаракатларини бошлайди.
Бунда унга нисбатан маълумотнома ёки билдирги тайёрланади, тушунтириш хатлари олиниб, дастлабки интизомий чора – хайфсан қўлланилиши мумкин. Одатда бу бўйича унга огоҳлантириш берилади. Дарс ёки бошқа машғулотларга ўз вақтида келиши бўйича огоҳлантирилади.
– Амалдаги Меҳнат кодексига кўра интизомни бузган ходимга нисбатан қандай чоралар қўлланилади?
– Олий таълим муассасаси ўқитувчиси университет ёки институтларда асосий иш жойи сифатида, ўриндош ҳамда соатбай ишлаши мумкин. Бу ўқитувчилар ОТМ ходими ҳисобланади. Ходим сифатида улар амалдаги Меҳнат кодексига бўйсунишлари талаб этилади.
Маълумки жамоада меҳнат интизоми ходимнинг ҳалол меҳнати учун рағбатлантириш бериш, мукофотлаш усулларидан фойдаланиб яхши ишлашга қизиқтириш, тегишли ташкилий шароитларни яратиб бериш, ноинсоф ходимларга нисбатан эса жазо чораларини қўллаш орқали таъминланади.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли: Хайфсан, ўртача иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ва меҳнат шартномасини бекор қилиш. Бундан бошқа интизомий чоралар қўллаш тақиқланади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА