Ўтган даврда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, суд ҳокимияти органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этишга катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Бунинг натижасида фуқаролар ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг судга мурожаат қилиш имконияти соддалаштирилиб, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ижобий ютуқларга эришилди.
Бу эса фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларнинг судга бўлган ишончи янада мустаҳкамланишига ва иқтисодиётни янада ривожланишига замин яратди.
Бу борада сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари ҳам муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда ҳар бир инсон, тадбиркор ёки давлат хизматчиси учун энг қимматли неъматлардан бири, бу – вақтдир.
Шундай экан, бугунги кунда судда иш юритишнинг асосий мақсади ҳам самарали восита ва усуллардан, хусусан замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир шахснинг қимматли вақтини олмасдан туриб, унинг мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқишга ҳамда судья ва суд ходимининг ўз меҳнат вазифаларини вақтида тўлиқ бажаришга қаратилмоқда.
Мазкур мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференс-алоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги алоҳида аҳамиятга эгадир.
Шу билан бирга, айни вақтда замонавий ахборот технологиялари ҳамда рақамлаштиришдан кенг фойдаланган ҳолда судда иш юритишни янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини ошириш зарурати юзага келган бир вақтда Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги айни муддао бўлди.
Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва ўзига хослиги – ҳам аҳоли, ҳам суд корпуси учун ижобий тарафлари хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайтида эълон қилинган «Рақамлаштириш – одил судлов самарадорлиги воситаси» мавзусидаги мақоламда тўхталиб ўтгандим. Мақоладаги барча учун фойдали эканлигини яна бир бора исботлаган бир жиҳатга тўхталиб ўтмоқчиман.
Ўзбекистон Республикаси Судьяларининг одоб-ахлоқ кодексининг
10-моддасида судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши, амалий кўникмаларини ва шахсий фазилатларини такомиллаштириб бориши шартлиги, шу мақсадларда судья мустақил таълим олиш имкониятларидан фойдаланиши ва мунтазам равишда давлат малака ошириш тизимида қайта тайёргарликдан ўтиши кераклиги назарда тутилган.
Бу нафақат ҳар бир судья, балки ҳар бир суд ходимининг муҳим вазифаларидан биридир. Чунки, инсон ўз устида тинимсиз ишламасдан ёки билими ва савиясини такомиллаштирмасдан туриб, мукаммалликка эриша олмаслиги ва бой тажрибага эга бўлмаслиги ҳаётий исботланган.
Айниқса, бугунги кунда одил судлов сифатига эътибор қаратилаётган ва катта ишонч билдирилаётган даврда муайян билим, кўникма ва малакага эга бўлиш суд тизимида фаолият юритаётган ҳар бир судья ва суд ходимининг муҳим мажбуриятидир.
Ўз ходимларининг малакасини ошириш учун муносиб шароит яратишга суд тизимида доимий равишда жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, судьялар ўз билим ва малакасини Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий мактабида ёки Олий судда ошириб келишмоқда.
Мазкур малака оширишнинг ўтган даврдаги амалиётига эътибор қаратадиган бўлсак, унда ҳар бир судья мамлакатимизнинг қайси ҳудудида ишлаётганлигидан қатъи назар, Тошкент шаҳрига бориб, у ерда 14 кунлик муддат мобайнида малака ошириш курсларида иштирок этиб келишар эди.
Эндиликда эса судлар фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ва рақамлаштиришдан унумли фойдаланган ҳолда ҳар бир судьяга масофадан, яъни ўзлари учун қулай бўлган иш жойидан туриб, малака ошириш курсларида иштирок этиш имкони берилмоқда.
Жумладан, 2020 йилнинг 5 октябридан 17 октябрига қадар Судьялар Олий мактабида белгиланган малака ошириш курсларида ўз хизмат хонамдан туриб иштирок этдим.
Бу эса қуйидаги қулайликларни келтириб чиқарди:
биринчидан, куннинг биринчи ярмида малака ошириш курсларида иштирок этиб, куннинг иккинчи ярмида судьянинг ўз иш юритувидаги ишларни кўриб чиқиш орқали бошқа судьяларнинг иш ҳажмига таъсир қилмасдан, мазкур ишларни белгиланган муддатларда кўриб чиқиш;
иккинчидан, ўз яшаш жойидан узоқлашмаган ҳолда малака ошириш курсларида иштирок этиш;
учинчидан, Тошкент шаҳрига бормасдан ўзи ишлаётган ва яшаётган ҳудудда масофадан туриб малака ошириш орқали транспорт, меҳмонхона ва озиқ-овқат билан боғлиқ ходимга 14 кун учун тўланиши лозим бўлган тахминан 2.000.000 сўм атрофида бўлган ишхона маблағларининг тежалиши;
тўртинчидан, малака ошириш жараёнида замонавий ахборот технологияларидан кенг ва унумли фойдаланиш.
Албатта, мазкур жиҳатлар рақамлаштиришнинг ва замонавий ахборот технологияларининг ҳаётимизда ва иш жараёнида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини исботлаб турибди.
Шу ўринда судья ва суд ходимларимизнинг масофадан туриб малака оширишларида янада қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги таклифларни билдиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладим:
1. Ҳар бир судьяга ўз хизмат хонасидан туриб малака ошириш курсларида иштирок этиш имконини ва мазкур жараёнда алоқа сифатининг юқори даражада бўлишини таъминлаш;
2. Бевосита мактабнинг масъул ходими томонидан эмас, балки малакасини ошираётган тингловчининг ўз ташаббуси билан онлайн курслардаги дарсларга тўғридан-тўғри электрон уланиш имкониятини яратиш;
3. Малакасини ошираётган судьянинг ушбу даврдаги иш юкламасини камайтириш мақсадида мазкур ҳолатни суднинг электрон маълумотлар базасида қайд этиб, унинг мазкур даврдаги иш ҳажмини камайтириш орқали малака ошириш учун қулай шароит яратиш.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни таъминлаши, шунингдек судьялар ва судлар аппарати ходимларига муносиб иш шароитларини яратиши билан алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса судьялар зиммасига ўта муҳим вазифа – одил судловни Конституция ва қонунларимиз ҳамда адолат тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш юклатилади.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”.
Шерзод Ғофуров,
Навоий вилоят Зарафшон туманлараро
иқтисодий суди раиси