
Пойтахтимизда таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон ва қўшни Қозоғистон терма жамоалари ҳамкорлигида ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилаётган эди.
Шу йилнинг 3 апрелидан бошланган мазкур ўқув-машғулот йиғинига кеча таркибида Осиё ва Олимпия ўйинлари совриндорлари, жаҳон ва қитъа чемпионлари ва иқтидорли таэквондочилардан иборат Хитой, Тунис, Грузия, Саудия Арабистони каби давлатларнинг терма жамоалари ҳам келиб қўшилди.
Бугун, 8 апрель куни Тошкентда ташкил этилаётган ушбу халқаро машғулотларда қатнашиш учун Беларусь ва Иордания терма жамоалари Тошкентга етиб келди.
Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси мажмуасидаги машғулотлар саккизта терма жамоа иштирокида ўтишини таъминламоқда.
Жорий йилнинг 21 апрелига қадар давом этадиган йиғинлар давомида маҳоратли таэквондочилар иштирокида бир қатор жанглар ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА