Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги ҳарбий қисмда ёшлар онгида ватанпарварлик ва маънавий баркамолликни шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. Уларда гиёҳвандликка қарши кураш, юрт равнақига ҳисса қўшиш ва буюк аждодлар мисолида миллий ғурурни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди.

Тадбирлар доирасида янги кино намойиш этилди. Мазкур фильм ёшларни гиёҳвандлик иллатидан огоҳлантириш ва унинг салбий оқибатларини тушунтиришга қаратилган. Унинг намойишдан сўнг таҳлилий суҳбат ташкил этилди ва иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Шунингдек, “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” мавзусида учрашув ўтказилди. Ёш ҳарбий хизматчилар юрт равнақига ҳисса қўшиш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш йўллари борасида сўз юритишди.
Маънавий меросни тарғиб қилиш ва миллий ғурурни кучайтириш мақсадида “Жалолиддин Мангуберди — миллат қаҳрамони” мавзусида тарғибот тадбири ҳам бўлиб ўтди. Унда буюк аждодлар ҳаёти ва жасорати мисолида ёшларга ватанга садоқат ва мустақилликни асраб-авайлаш борасида маъруза қилинди.

Тадбирлар якунида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши масъул ходимлари ҳарбий қисм фаолияти билан танишиб, ёшларга оид давлат сиёсати, бошланғич ташкилот етакчисининг иш шароити ва фаолияти самарадорлигини таҳлил этиб, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири