Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Муҳокамаларда депутатлар бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган, шу жумладан давлат иштирокидаги корхоналарнинг носоҳавий активларини хусусий секторга беришни жадаллаштириш мақсадида давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнлари соддалаштирилиётганлиги, тўсиқлар бартараф этилаётганлиги, тадбиркорларга қўшимча енгилликлар берилаётганлигини ижобий баҳоладилар.
[gallery-24209]
Шу билан бирга, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келаётганлиги депутатлар муҳокамасига сабаб бўлди.
Халқ вакиллари, қонун лойиҳаси билан давлат кўчмас мулк объектини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган тадбиркорга мол-мулк ва ер солиғини тўлашда енгилликлар берилаётганини ижобий баҳоладилар.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда жозибадор инвестиция муҳитини яратишга, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкининг камайишига, давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга ва давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама марказида бўлди.
Меҳнат миграцияси ҳажмининг ортиши, хорижда бўлиб қайтаётган фуқаролар сонининг кўпайиши ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиши инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи юқумли касалликларни барвақт аниқлаш ва улар тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш заруратини юзага келтиряпти.
Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ҳамда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳаси билан узлуксиз тўқсон кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган ўн саккиз ёшдан олтмиш ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикамизга кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.
Шунингдек, узлуксиз тўқсон кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган ўн саккиз ёшдан олтмиш ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар ОИВга мажбурий тиббий текширувдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари эса – ўз маблағлари, иш берувчининг маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни бораётган давлатининг қонунчилиги, унда бўлиш қоидалари бўйича ўқитишни ташкил этиш ва зарур материаллар билан таъминлаш мажбуриятини хусусий бандлик агентликларининг лицензия шартларидан бири этиб белгилаш ҳам таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Н.Насриев
ЎзА