Айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда аукцион орқали қонуний равишда ер участкасини сотиб олган фуқаролар ва тадбиркорлардан “қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги” учун қўшимча маблағ ундирилаётгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилган. Ушбу ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий баёнот берди.
Баёнотда маълум қилинганидек, ушбу тўлов тури Вазирлик ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ихтиёрий жорий этилмаган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом” талабларидан келиб чиқади.
Ер кодексининг 28- ва 87-моддаларига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларини қишлоқ хўжалигига алоқадор бўлмаган мақсадларда фойдаланиш учун ажратиш ҳолатларида ушбу ерлар таркибидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг йўқотишлари учун белгиланган тартибда компенсация тўлови амалга оширилиши шарт.
Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори билан тасдиқланган Низомнинг 18-бандига асосан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари қуйидаги ҳолатларда аниқланади ва қопланади:
– қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ерларини қишлоқ хўжалигига алоқадор бўлмаган мақсадларда ажратиш;
– объектлар атрофида муҳофаза, санитария ва ҳимоя зоналари белгиланиши натижасида ерлар айланмадан чиқиши;
– юридик ва жисмоний шахслар фаолияти натижасида ер сифати ёмонлашиши.
Низомнинг 21-бандига кўра, ушбу тўловлардан суғориладиган ерлар учун ҳисобланган маблағнинг 90 фоизи, лалми, бўз, пичанзор ва яйлов ерлар учун эса 95 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади. Ушбу маблағлар вазирлик ёки унинг ҳудудий тузилмалари ихтиёрида қолмайди, балки давлат ҳисобларига ўтказилиб, ер ресурсларини тиклаш, муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида сарфланади.
Низомнинг 22-бандида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармалари томонидан ушбу маблағларнинг ўз вақтида тушиши, ҳисобга олиниши ва қонунчиликда белгиланган тартибда йўналтирилиши таъминланади.
Шу сабабли вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан нобудгарчилик тўловларини ундириш фақат амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади. Бу жараён тадбиркорлик фаолиятига сунъий тўсиқ ёки ортиқча юк яратиш учун эмас, балки ер ресурсларидан оқилона ва масъулиятли фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, баёнотда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тадбиркорлар манфаатларини ҳурмат қилиши, улар билан очиқ мулоқотга тайёр экани маълум қилинган.
Муҳтарама Комилова тайёрлади.
ЎзА