Бухоро вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан жойларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Учрашувлар жараёнида солиқ хизмати органлари ходимлари ишбилармонларнинг фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, уларга зарур маслаҳатлар ҳам берилмоқда.
Бухоро туманида фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувлар ҳам ҳар икки томон учун манфаатли бўлди.

Учрашувда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ташаббускор ёш тадбиркорлар юзага келаётган айрим масалалар бўйича ўз таклифларини билдирди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботларини топшириш, барқарорлик рейтинги, ортиқча тўловни қайтариш, солиқ қарзини ундиришда енгиллик бериш тўғрисидаги 10 га яқин мурожаатлари тингланиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Мулоқотларда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш борасида белгилаб берилган вазифалар, айнан, Бухоро туманида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ҳудудлар саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида мамлакатимиз иқтисодиёти ва хусусий сектор ривожига муносиб ҳисса қўшаётган илғор ва ташаббускор тадбиркорларга миннатдорлик билдирилиб эсдалик совғалари топширилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.