Жалақудуқ туманида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Андижон вилояти солиқ бошқармаси томонидан туманда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда кичик ва ўрта бизнес вакилларининг мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришдаги ўрни ва роли муҳим эканлиги, вилоятда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, хусусан, солиқ идоралари томонидан уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни қонуний ҳал этилишига яқиндан ёрдам кўрсатилаётганлиги айтиб ўтилди.


Тадбирда мутахассислар Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжат асосида тадбиркорларга берилган имтиёз ва имкониятлар, шунингдек, солиқ қонунчилиги, ҳисоботларни топшириш тартиблари ҳақида иштирокчиларга маълумотлар берди. Тадбиркорларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Мулоқот давомида тадбиркорларнинг асосан солиқ ҳисоботларини топшириш, имтиёзлардан фойдаланиш ва кадастр органлари билан боғлиқ муаммо ва таклифлари эшитилди, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Тадбир якунида туманда намунали иш юритиб юртимиз иқтисодиёти ва хусусий сектор ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ тадбиркорлар “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор”, “Энг ёш тадбиркор”, “Энг намунали тадбиркор” сингари қатор йўналишлар бўйича ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари