Нурафшон шаҳрида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йил биринчи чораги давомида амалга оширган ишлари, тадбиркорларнинг соҳадаги мажбуриятларига бағишланган семинар ўтказилди.
Унда мутахассислар томонидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди. Хусусан, Тошкент вилоят Рақобат бошқармасига жисмоний ва юридик шахслар томонидан 808 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 79,8 фоизи қаноатлантирилган, 94 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 25 таси рад этилган, 44 тасида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Халқ истеъмол товарларининг сифати ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича жами 27 та маҳсулот турлари, жумладан, газли ичимликлар, дудланган ва ярим дудланган гўшт, ўсимлик ёғи, консерваланган маҳсулотлар, тузламалар, болалар учун озуқалар, ун ва дуккакли маҳсулотлар каби маҳсулотлар назорат харидлари ўтказилди. Белгиланган талабга жавоб бермайдиган маҳсулотларга тегишли чора кўрилди.

Бундан ташқари, жойлардаги 42 та корхона томонидан юқори ликвидлик маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва сотилиши бўйича кунлик назорат ўрнатилиб, мониторинг кузатувлари олиб борилди. Натижада аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича жиноий иш қўзғатилиб тегишли чоралар кўрилди.
Тадбирда Президентимизнинг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти тушунтирилди.
– Бошқарма томонидан вилоятда истеъмол бозорларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш, нархларнинг сунъий ошиб кетиши ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилади, – дейди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жўрабек Исмоилов. – Туман-шаҳарлардаги бозорлар, савдо дўконларида нархлар бўйича кунлик мониторинг кузатувлари олиб борилди ва маълумотлар умумлаштириб ягона ахборот базасига киритиб борилмоқда. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарилган цемент, импорт қилинган суюлтирилган газ, чигит, пахта мойи, шрот ва шелуха маҳсулотларини биржа савдоларига чиқарилиши ҳолатлари юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, қўмитага тегишли таклифлар киритилмоқда.
Семинар давомида туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари, даволаш профилактика муассасалари, мактабгача таълим ташкилотлари масъуллари томонидан амалга оширилган давлат харидлари ҳам таҳлил қилинди. Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев,ЎзА.