
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган очиқ мулоқотлар ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.
Шу мақсадда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов томонидан белгиланган жадвал асосида ҳудудларда тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган. Мана шундай учрашувларнинг дастлабкиси Қарши шаҳридаги корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасида ташкил этилди.


Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи иштирокида ўтган учрашувда тадбиркорлар фаолиятида дуч келаётган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада ушбу тармоқ вакилларига берилган енгилликлар ҳамда солиқ имтиёзлари, шунингдек, солиқ органлари томонидан яширин иқтисодиётни олдини олиш, норасмий тадбиркорлик фаолиятини соядан олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, тадбиркорларга мавжуд имтиёзлар тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.

– Бизнинг жамият 2024 йилда ташкил этилган бўлиб, корхонамиз тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларимиз чет давлатга экспорт қилинади, – дейди Қарши шаҳрида фаолият олиб бораётган “Осмон гули” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси бош ҳисобчиси Шаҳноза Назарова.

У ўз мурожаатида қўшилган қиймат солиғидан мавжуд ортиқча тўловни қайтаришда амалий ёрдам сўради.
Очиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтган мулоқотда қулай инвестиция муҳитини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, ишчи ўринларини яратиш ҳамда солиқ қонунчилиги талабларига тўлиқ амал қилиш каби масалаларда ҳам фикр юритилди.

Мулоқотда иштирокчиларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, қўшилган солиқ тўловидан ҳосил бўлган суммани бошқа солиқ турларига ўтказиш ва қайтариш, товарларни рақамли маркировка қилиш каби 15 дан ортиқ муаммолари ҳал этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири