Бугунги кунда тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш, улар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда жойларда ўтказилаётган очиқ мулоқотлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Навоий вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг Кармана туманида ўтказган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти жараёнида ҳам кўплаб ишбилармонларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди.
Юртимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаётган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бугун амалга оширилаётган ислоҳотларда устуворлик касб этади. Бу орқали янги иш ўринлари яратиш, оилаларнинг барқарор даромад манбаини шакллантириш ҳамда фаровонликни юксалтиришдек мақсадлар кўзланган.

Учрашувда Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот давомида корхонани ихтиёрий тугатишда солиқдан қарздорлик мавжудлиги сабабли юзага келган муаммони ижобий ҳал этиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун k-Savdo платформаси орқали аукцион савдоларида иштирок этиб ер олиш, битта объектга иккита кадастр рақами бириктириб қўйилганлиги сабабли нотўғри киритилган кадастр рақамини ўчириш каби мурожаатлар тингланди. Шунингдек, қатъий белгиланган солиқдан ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга солиқ тўловларидан берилган имтиёзлар ҳамда имтиёзли кредит олиш тартиби бўйича тушунтиришлар бериш каби масалаларда тадбиркорларнинг муаммолари тингланди.
– Бир неча йиллардан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман, – дейди “Рустам маркет – 2020” оилавий корхонаси раҳбари Умида Гулямова. – Бугунги учрашувда фаолиятимни янада кенгайтириш мақсадида кредит олиш борасида мурожаат қилдим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди. Агробанкнинг Кармана туман филиали томонидан менга 100 миллион сўм миқдорида кредит ажратиладиган бўлди.

Вилоят солиқ бошқармаси масъуллари томонидан ўтказилган очиқ мулоқотларда тадбиркорларнинг 10 га яқин мурожаатлари ўрганилди. Уларнинг аксарияти жойида қаноатлантирилган бўлса, айримларига ҳуқуқий маслаҳат берилиб, муддат ва вақт талаб қилувчи масалалар назоратга олинди.
Учрашув сўнггида вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти келиб тушган мурожаатлар бўйича бир қатор тадбиркорлик субъектларига бориб, муаммоларни жойида ўрганди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири