
Навоий вилояти солиқ бошқармаси ташаббуси билан Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Хатирчи туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш мақсадида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

– Мазкур фармонга асосан, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 майдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди, – дейди Навоий вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Зоҳиджон Шомуродов. – Ўз фаолиятини тегишлича ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига бир йил давомида қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) етти кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади. Шунингдек, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб охирги уч йилда товарларни (хизматларни) реализaция қилишдан олинган жами даромади 10 миллиард сўмдан ошмаган, бюджет ва кредиторлар олдида қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳамда мунтазам равишда солиқ ҳисоботларини тақдим этаётган, “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст даражада таснифланган кичик ва ўрта бизнес субъектларининг фаолиятини ихтиёрий равишда тугатишда солиқ текшируви ўтказилмайди.

Яна бир муҳим имтиёз, мазкур фармон кучга киргунга қадар фермер хўжаликларининг солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилиб, суд ва ижро ишларининг ушбу пеняни ундириш билан боғлиқ қисми тугатилиши белгиланди.
Мулоқот давомида қўшилган қиймат солиғи тўловидан ҳосил бўлган манфий қолдиқ суммани қайтаришда ёрдам кўрсатиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер учун солиқларни ҳисоблашда камайтирувчи коэффициентни қўллаш, ер тоифасини ўзгартириш, ер солиғи ҳисоботларини тузатишда амалий кўмак кўрсатиш каби катор масалаларда тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилди.

– Бугунги кунда умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият олиб бориб, 50 нафарга яқин маҳаллий аҳоли ва ёшларнинг бандлигини таъминлаганмиз, – дейди “Хатирчи Бест” хусусий корхонаси раҳбари Аброр Бобоназаров. – Илгари биз муаммоларимизни ҳал қилиш учун идорама-идора сарсон юрардик Эндиликда масъул идоралар ўзлари ёнимизга келиб муаммоларимизни ўрганган ҳолда ижобий ечиб беришга киришмоқда. Бу албатта, биз тадбиркорларга яратилаётган имкониятларнинг бир намунасидир.
Очиқ мулоқотда вилоят солиқ бошқармасининг тегишли бўлим бошлиқлари ҳамда масалаларга алоқадор масъул ташкилотлар ходимлари иштирокида ҳар бир мурожаат қонуний таҳлил этилиб, уларнинг ечими бўйича аниқ муддатлар белгиланди.
Тадбир сўнггида, тумандаги энг намунали, тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида юқори тоифага эришган ва фаол тадбиркорлар турли номинaциялар бўйича тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири