Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 19 март куни ўтказилган йиғилишда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилиб, мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Арнасой туманида ташкил этилган учрашувда тадбиркорлар ўз фаолиятларида дуч келаётган муаммо ва турли тўсиқларни солиқ органлари вакиллари билан атрофлича муҳокама қилдилар.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан мазкур йиғилишда белгиланган аниқ чора-тадбирлар бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини юритишда сезиларли енгилликлар яратиб берганини таъкидлаб ўтиш лозим. Энг муҳими, кичик ва ўрта бизнесга янги мажбурият ва талаблар юклайдиган норматив ҳужжатларни қабул қилишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди. Вилоят солиқ бошқармаси мутасаддилари Aрнасойдаги кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан ўтказган ушбу учрашувда ҳам бу муҳим янгиликнинг мазмун-моҳияти тадбиркорларга батафсил баён қилиб берилди.
Кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, берилган ҳуқуқ ва молиявий имкониятлар, тадбиркорлик фаолиятини текширишларнинг тартибга солиниши ҳамда бу борада белгиланган маъмурий чораларнинг енгиллаштирилиши натижасида солиқ ставкалари оширилмаган бўлса-да, тадбиркорларнинг солиқ тўлаш маданияти ошгани рақамларда намоён бўлмоқда. Жумладан, биргина Жиззах вилоятида кичик ва ўрта бизнеснинг товар айланмаси кейинги уч йилда сезиларли даражада ошганини шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.
[gallery-22746]
Ўз навбатида арнасойлик тадбиркорлар учрашув чоғида тадбиркорликни тугатишдаги муаммолар, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришдаги тақиқларни вақтинча олиб туриш, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби, ЭҲФ билан боғлиқ жарималарни камайтириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда ноқонуний тадбиркорликни легаллаштириш бўйича амалий ечимлар юзасидан ўзларининг аниқ фикр, мулоҳаза ва таклифларини билдирди.
Учрашувда кичик ва ўрта бизнес соҳасининг ривожланиши билан боғлиқ кўрсатгичларнинг таҳлилига алоҳида эътибор қаратилар экан, бюджетга тушумлар ҳисобига аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, ҳудудларда инфратузилмани барпо этиш ва ривожлантириш борасидаги ташаббуслар ҳам тилга олиниб, кенг кўламли бунёдкорлик ишларида тадбиркорларнинг ҳиссаси салмоқли эканлиги қайд этилди.
Давра суҳбатида ўнга яқин хўжалик юритувчи субъектнинг солиқ ва солиқдан бошқа муаммолари кўтарилди. Улардан 4 таси шу ернинг ўзида ечимини топган бўлса, қолган мурожаатларни ҳал этиш қўшимча ўрганиш ва маълум вақт талаб этгани боис назоратга олинди.
Учрашувда солиқ сиёсати борасида кенг тушунчага эга яширин иқтисодиётга йўл қўймасдан ибратли фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркорларга Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг “Энг кўп солиқ тўлаган тадбиркор”, “Энг кўп фискал чек берган тадбиркор”, “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор”, “Энг кўп маҳсулот экспорт қилган тадбиркор” каби бир қатор номинациялар бўйича ташаккурномалари топширилди.
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, муаммоларнинг тез ва самарали ҳал этилишига қаратилаётган эътиборнинг узвий давоми сифатида мана шу каби амалий аҳамият ва ижобий ечимга эга учрашувлар мунтазам равишда ўтказиб борилиши белгилаб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари