Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга давлат органлари томонидан адолатли ва тенг муносабатда бўлишни таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратишда Бизнес-омбудсманнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсманга “D.Т.B.S.” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбарининг МИБ Чилонзор туман бўлими ходимларининг ҳаракатсизлиги устидан шикоят аризаси келиб тушган.
Аниқланишича, жамият ва қарздор ташкилот ўртасида пудрат шартномаси тузилган. Шартнома шартлари жамият томонидан ўз вақтида бажарилган бўлиб, бажарилган ишлар учун шартномада қайд этилган тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли, жамият қарздор “Ҳудудгазтаъминот” АЖни иқтисодий судга берган.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 7 июндаги ҳал қилув қарорига кўра жамият фойдасига қарздор “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан 50,4 миллион сўм асосий қарз ва 10 миллион сўм пеня ундириш белгиланган.
2023 йил 10 июлда ижро варақаси асосида ижро иши қўзғатилган бўлсада, орадан қарийб ярим йил вақт ўтишига қарамай, шу кунга қадар ижроси таъминланмасдан келган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 23-моддасига асосан, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаради. Шунингдек, ушбу қонуннинг 30-моддасига кўра, ижро ҳаракатлари ва ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида суд ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак. Аммо тегишли сонли ижро варақаси бугунги кунга қадар ижро этилмасдан келган.
Вакил девони ходимларининг қонуний талабларидан сўнг МИБ ходимлари томонидан жамиятга қарздор ташкилотдан қарздорлик тўлиқ ундирилиши таъминланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА