
Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлар жамоатчилик маслаҳат кенгашининг навбатдаги сайёр йиғилиши Тойлоқ туманидаги “Siyob Group” кўп тармоқли холдинг компаниясида бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоятда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, йирик лойиҳаларда иштирок этиш бўйича тадбиркорлар томонидан таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Янги лойиҳалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Жумладан, “Siyob Group” кўп тармоқли холдинг компанияси масъуллари қанд лавлагидан шакар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ниятида эканлигини билдирди. Агар корхона ташкил этилса, вилоят иқтисодиётига катта даромад келиши, экспорт салоҳияти ортиши, 100 дан зиёд иш ўрни яратилиши айтилди.

Тадбиркорлар маслаҳат кенгашида Тойлоқ тумани ҳокими ҳудуднинг инвестициявий имкониятлари, келгуси йилларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Йиғилишда вилоят тадбиркорларнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари”, “Яшил макон”, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастурларидаги иштирокини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири