Янги ўқув йили арафасида Самарқанд шаҳридаги 52-умумтаълим мактабининг 540 ўринли қўшимча ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Эътиборлиси, бино шу мактабнинг собиқ ўқувчиси, айни пайтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Илҳом Рустамов томонидан 15 миллиард сўм маблағ сарфланиб, бунёд этилди.

Шунингдек, тадбиркор мактабнинг 960 ўринли эски биносини ҳам мукаммал таъмирлаб берди. Эндиликда таълим масканида замонавий шарт-шароитларга эга ўқув хоналари билан бирга касб-ҳунарга ўргатиш маркази, тўгарак хоналари ҳам ташкил этилди.
Бинонинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев иштирок этиб, мактаб жамоасини табриклади. Саховатпеша тадбиркорга миннатдорлик билдирди ва вилоят ҳокимлигининг ташаккурномасини топширди.

Тадбиркор Илҳом Рустамов бундан аввал ҳам Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Иштихон туманларида ўз ҳисобидан мактаблар қуриб берган эди. Ана шу хизматлари ва юртимиз иқтисодий тараққиётига қўшаётган катта ҳиссаси учун у ўтган йил “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири