Сирдарё вилоятида тадбиркор ва бизнес бошлаш истагидаги 250 нафар аёл иштирокида сайёр қабул ташкил этилди. Унда ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий масалалар юзасидан 67 та мурожаат тингланди ва ҳар бири бўйича амалий чоралар белгиланди.
Сайёр қабул Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси биносида Тадбиркор аёллар кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтди. Тадбирда асосий эътибор хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга янгича имкониятлар яратиш ва мавжуд муаммоларни ечишга қаратилди.

Мурожаатлар ер ва бино ажратиш, имтиёзли кредитлар олиш, хусусийлаштириш жараёнлари, солиқ ва божхона масалалари каби долзарб йўналишлардан иборат эди. Тегишли мутасадди ташкилотларнинг масъуллари бу масалаларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилишди.
Шунингдек, сайёр қабулда Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган “Kamron Gold Mediya” МЧЖ раҳбари Д. Ҳайитбоева 6 нафар сирдарёлик тадбиркор аёлга ўз бизнес тажрибасини ўргатиш ташаббусини билдирди. Бу тажриба алмашиш ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири