Сирдарё вилоятининг Гулстон шаҳридаги Ёшлар маркази биносида "1-октябрь — Устоз ва мураббийлар куни" олдидан “Баркамол авлод” болалар мактаби ташаббуси билан “Келажакка йўл” мавзусида саҳналаштирилган тадбир ва концерт дастури бўлиб ўтди.
Унда 350 нафардан зиёд педагоглар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Саҳнада ёш истеъдодлар томонидан ижро этилган қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари томошабинларга байрамона кайфият улашди.

Шунингдек, тадбирда “Баркамол авлод” мактаби ўқувчилари тайёрлаган қўл меҳнати кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

– Бундай тадбирлар болаларнинг истеъдодини рағбатлантириш, уларни саҳна орқали тарбиялаш ва келажакда етук шахслар этиб вояга етказишда муҳим аҳамиятга эга. Саҳнада чиқиш қилган ҳар бир бола ўз қобилиятини намоён этибгина қолмай, ўзига бўлган ишончни ҳам мустаҳкамлайди, – деди мактаб директори Олия Турдиева.


Концерт якунида туман ва шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаблари директорларига ташаккурнома ва китоблар топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири