
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўтган куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор таъминлашда бир қатор технологик муаммолар кузатилди. Хусусан, газ ҳисоблаш ускуналаридан фойдаланишдаги носозликлар, газ қувурлари ва улардаги қурилмалардаги камчиликлар айрим ҳудудларда узилишларга сабаб бўлди.
Бундай муаммоларнинг олдини олиш ва уларни такрорланишини бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳ тузилди. Мазкур гуруҳ ҳудудларда хатловлар ўтказиб, технологик камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан иш олиб бормоқда.
[gallery-22668]
“Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси, “Ўзенергоинспекция” ҳамда Рақамли технологиялар вазирлигининг ҳудудий бўлимлари ҳамкорликда газ таъминоти тизимидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Ҳозирда ҳудудлардаги хонадонларда маънан эскирган газ жиҳозларини замонавий энерготежамкор технологияларга алмаштириш жараёни давом этмоқда. Шу муносабат билан Ховос тумани Пахтакор маҳалласида ўқув амалий-семинар ташкил этилди. Семинарда аҳолига эскирган иситиш қозонларининг самарасизлиги, замонавий газ жиҳозларининг афзалликлари ҳамда табиий газдан тежамкор фойдаланиш йўллари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Бундай тадбирлар табиий газдан оқилона фойдаланиш, ортиқча сарф-харажатларни камайтириш ва истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, газ таъминоти тизимини яхшилаш ва фуқаролар учун янада қулай шароит яратиш мақсадида вилоят миқёсида амалий ишлар давом эттирилади.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ (сурат), ЎзА