Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ана шу мавзуда фото ва тасвирий санъат асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”га бағишланиб, қолаверса, Бутунжаҳон тозалик куни олдидан Андижон вилоятида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Экологик, Миллий тикланиш партиялари вилоят кенгашлари ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган фото ҳамда тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ҳам ана шу йўналишдаги тадбирлардан биридир.
– Ушбу кўргазмани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад аҳоли, айниқса, ёшлар қалбида экологик мусаффоликни, атроф муҳит тозалигини асраш, она табиатга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитиш, экологик маданиятини янада юксалтиришдан иборат, – дейди Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳокимхон Мақсумов. – Қолаверса, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган.
[gallery-25361]
Олий ўқув юртлари талабалари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, эко волонтёрлар, ижодкор ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган кўргазмада вилоятдаги таниқли рассомлар, ёш мусаввирлар, фотографларнинг мавзу доирасидаги ранг-баранг асарлари, ижодий ишлари намойиш этилди.
Кўргазма иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги билим ва қарашларини бойитиш билан бирга, она табиатга ҳурмат, меҳр-муҳаббат, уни асраб-авайлаш нечоғлик муҳим эканлигини чуқурроқ англашларига ёрдам берди.
– Намойиш этилган асарлар мен каби кўплаб ёшларнинг она табиатга муҳаббатини, атроф-муҳит тозалигини таъминлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини кучайтирди, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти талабаси, “Ёш экологлар” ҳаракати вилоят кенгаши раиси Азизбек Солижонов. – Бу каби тадбирлар тенгдошларимизнинг экологик билим ва маданиятини юксалтириш билан бирга, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини янада оширади.
“Табиатни асраш – инсонни, Ватанни асраш демакдир!” мавзусидаги фото ва тасвирий санъат асарлари кўргазмаси вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, шунингдек, қатор олий ўқув юртларида ўтказилиши белгиланган.
Ф.Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари