Рио-де-Жанейрода ўтган махсус маросимда тропик ўрмонларни тиклаш лойиҳаси ва глобал океан шартномаси ташаббуси жорий йилги “Earthshot Prize-2025” совриндорлари сифатида эълон қилинди.
Ғолибларга ажратилган пул мукофоти иқлимни тиклаш ишларига сарфланади. 2020 йил ушбу мукофотга асос солган Уэльс шаҳзодаси Уильям маросимда сўзга чиқиб, сараланган иштирокчиларни “умид ва илҳом манбаи” деб атади.
– Сўнгги ўн йилликда сайёрамизни ўзгартирадиган ишларни амалга ошириш мақсадида собитмиз, – деди етакчи. Маросимни бразилиялик футбол афсонаси Кафу, Олимпия ўйинлари ғолиби Ребекка Андраде ва Формула-1 ҳайдовчиси Себастьян Феттель олиб борди. Танловга бу йил 72 мамлакатдан 2 500 дан ортиқ номзод кўрсатилган эди. Улардан 15 нафари мусобақанинг ҳал қилувчи босқичида қатнашди. Жами беш йўналиш – Табиатни ҳимоя қилиш ва тиклаш, Ҳавони тозалаш, Океанни жонлантириш, Чиқиндисиз дунё қуриш, Иқлимни тиклаш бўйича ғолиблар аниқланган.
"Earthshot" мукофоти Жон Ф.Кеннедининг “Moonshot” дастуридан олинган бўлиб, Уильям бу ташаббусни 10 йиллик миссия сифатида давом эттиришга ваъда берган.
Шаҳзода маросим якунида шундай деди:
Ғолиблар инсониятнинг энг яхши томонини кўрсатиб беради. Уларнинг иши бизга ҳаракат, ҳамкорлик ва ишонч билан дунёни яхшилаш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА