Халқаро биохилма-хиллик куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йил Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияга аъзо томонларнинг анжумани тавсиялари асосида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси ҳам ўзининг барқарор ривожланиши учун биохилма-хиллик ресурслари муҳимлигини тан олган ҳолда 1995 йилда ушбу халқаро конвенцияга қўшилган.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида Халқаро биохилма-хиллик куни муносабати билан тадбир ўтказилди.

Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури томонидан "Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини янгилаш ҳамда 7-миллий ҳисоботни тайёрлашни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс дастур" лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Мазкур лойиҳа Глобал экологик фонд томонидан молиялаштирилади.
Тадбир иштирокчилари лойиҳа доирасида эришилган асосий натижалар ва фаолият йўналишлари билан танишди. Лойиҳа миллий экологик сиёсатни "Kunming-Monreal" глобал биохилма-хилликни сақлаш дастури мақсадларига мослаштиришга қаратилган. Тақдимот давомида Ўзбекистон янги глобал йўналишларни миллий режалаштиришга қандай интеграция қилаётгани, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг имкониятларини кучайтираётгани ва табиатни асраш соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштираётгани ҳақида маълумот берилди.

Тадбир давомида лойиҳа менежери Сергей Загребин биологик хилма-хилликнинг қисқариши асосан инсоният омили натижаси бўлиб, унинг қисқариши иқтисодий ривожланишга жиддий хавфни юзага келтириши мумкинлигини қайд этди.
– Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда биохилма-хиллик бўйича конвенциянинг 7-миллий ҳисоботини тайёрлаш ҳамда миллий мақсадларга мувофиқ, Ҳаракатлар режасининг янги стратегиясини ишлаб чиқишда иштирок этяпмиз, – дейди Сергей Загребин. – Бу ҳамкорлик жуда самарали кечмоқда. Ҳозирда бошқарув даражасидан табиий ҳудудларда — қўриқхоналар, ўрмон хўжаликларидаги фаолиятгача барча босқичларда ёрдам кўрсатилмоқда.
Тадбир якунида талабалар ўртасида биологик хилма-хиллик мавзусидаги қизиқарли викторина ташкил этилди. Ўйин интерактив шаклда ўтди ва иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Викторинада ғолиб бўлганларга совғалар топширилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА