Сув муаммоси – ҳозирги кундаги кескин экологик муаммолардан бири. Бу, нафақат минтақамиз, балки мамлакатимиз учун ҳам ўта долзарб масалалардан бўлиб турибди.
2025 йил 30 июлдаги “Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун билан ушбу соҳага оид муносабатлар такомиллаштирилди.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев мазкур қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Сув – стратегик ресурс бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш, муносиб ҳаёт кечириш ва инсоният тараққиётининг асосий манбаи ҳисобланади. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган асрнинг 90-йилларига нисбатан сув сарфи йилига 64 миллиард метр кубдан ҳозирги кунда ўртача 51 миллиард метр кубгача камайтирилди.

Бироқ, соҳада ҳал қилиниши лозим бўлган қатор муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилиб, ҳар гектарга сув сарфи технологик илғор давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Ирригация тизимларидаги носозликлар туфайли экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар кузатилмоқда.
Катта миқдордаги сув – фильтрация, буғланиш ҳамда мақсадсиз ортиқча сарф орқали йўқотилмоқда. Иқтисодиёт тармоқларида сувдан фойдаланишнинг аксарият эскирган усуллари ва воситалари қўлланилмоқда. Ер ости сувларининг сифати ҳам, ҳажми ҳам тобора пасайиб бормоқда. Очиқ сув ҳавзаларининг ифлосланиш даражаси тобора ортиб, ичимлик сувидан бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиш амалиёти кенг тарқалиб бормоқда (транспорт воситаларини ювиш, экинларни суғориш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалар).
Сувдан фойдаланиш маданияти, сувни асраш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида тарғибот ишларининг етарли эмаслиги оқибатида аҳоли жон бошига сув сарфи миқдори аввалги йилларга нисбатан юқорилигича қолмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2030 йилга бориб мамлакатимизда 7 миллиард куб метр сув тақчиллиги кузатилиши ҳамда Ўзбекистон сув танқис бўлган 33 давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли бор.
Юртимизда фойдаланилаётган сувнинг бор-йўғи
15 - 18 фоизи мамлакатимиз ҳудудларида шаклланишини инобатга олсак, сув ресурсларини бошқариш, сув сиёсатини юритиш масаласини тубдан қайта кўриб чиқиш, қисқа ва ўрта муддатли чоралар кўриш лозим.
Олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, рўй берган туб ўзгаришлар, янги ривожланиш стратегиясини шакллантиришда сув муносабатларининг ижтимоий-иқтисодий асосларини ўзгартириш каби омиллар сувга оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш заруратини вужудга келтирди.
Ҳозирги вақтда сув ресурсларини бошқариш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатлар 10 га яқин қонун ҳужжати, жумладан, Конституция, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, 20 дан ортиқ қонуности ҳужжати билан тартибга солинади.
Ушбу ҳужжатлар сув муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга асос бўлса-да, сув қонунчилигининг ягона мувофиқлаштирилган тизимини шакллантиришни етарли даражада таъминлай олмайди.
Асосий тушунчалардан фойдаланишда чалкашликлар, ноаниқликлар мавжуд бўлиб, сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги органларнинг ваколатлари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги жавобгарлик аниқ белгиланмаган.
Сув кодекси сув ва сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Кодекс билан сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилган бўлиб, 6 бўлим, 29 боб ва 165 моддадан иборат. Бунда, сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинган.
Сув кодексида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Президентимизнинг 8 фармони ва 14 қарори ҳамда ҳукуматнинг 26 қароридаги тегишли нормалар бирлаштирилиб, яхлит ҳолга келтирилди.
Сув кодекси билан сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида масъул органларнинг ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига, вазифа ва функцияларига аниқлик киритилди. Сувни етказиб бериш хизмати учун тўловлар сув етказиб бериш харажатларини қоплаши ҳамда сув етказиб берувчининг рентабеллигини таъминлаши зарурлиги белгиланди.
Сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари белгилаб берилди. Сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартлари соддалаштирилди. Сунъий сув ҳавзаларидан сув олишда (бир суткада 5 куб метрдан кўп бўлмаган) рухсатнома олиш зарурати чиқариб ташланди. Экстремал сув танқислиги ва қурғоқчилик тушунчалари ҳамда суғориш сувини истеъмолчилар орасида тақсимлашнинг янги механизмлари белгиланди.
Сув ресурслари бошқарувини такомиллаштириш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, амалга оширишга кўмаклашиш учун Бош вазир раислигида маслаҳат-кенгаши органи сифатида Республика сув кенгаши, шунингдек, вилоятлар ва туман ҳокимлари раислигида тегишлича Ҳавза сув кенгашлари ҳамда Туман сув кенгашлари ташкил этилади.
Сув фонди ерлари, шу жумладан, табиий сув манбалари ҳудудлари, яъни, дарёлар, сойлар, жилғалар, кўллар, ботқоқликлар ва булоқлар Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий тизим ташкилотларининг балансига ўтказилади.
Сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари аниқ ва қатъий белгиланди. Хусусан, ўзбошимчалик билан қурилган сув олиш иншоотларини уларнинг дастлабки ҳолатига келтириш қонун бузувчи ҳисобидан амалга оширилади. Давлат сув кадастрини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган этиб Сув хўжалиги вазирлиги белгиланди.
Айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Марказий Осиёнинг барча давлатларида Сув кодекси қабул қилинган.
Ушбу қонун билан сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Бунда, давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатларига чек қўйилиб, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулияти оширилди. Шунингдек, сувдан фойдаланишда рухсатнома олиш тартиби соддалаштирилди.
Қонун мамлакатимизнинг сув хавфсизлигига эришишига хизмат қилади. Бунда, сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқларининг ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилашдаги кўплаб масалаларга ижобий ечим топилади.
Сув хўжалигини узоқ муддатли ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Бунда, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва технологик модернизация қилиш рағбатлантирилади.
Халқаро сув ҳуқуқи нормаларини миллий сув қонунчилигига сингдириш орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижи яхшиланади.
Эслатиб ўтамиз, қонун 2025 йил 31 октябрда кучга киради.
Норгул Абдураимова,
ЎзА