Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сувдан оқилона фойдаланиш – ҳосилдорлик гарови

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Айниқса, сувни тежовчи замонавий технологияларни жорий этиш орқали ер майдонларини самарали суғориш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда юртимизда фермер ва деҳқон хўжаликларида замонавий суғориш тизимларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бухоро вилояти Шофиркон тумани Искогаре ҳудудида жойлашган “Ҳамро Сардор Нодир” фермер хўжалигида ҳам сувни тежовчи технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича изчил ишлар бошлаб юборилди. Мазкур фермер хўжалигида “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида замонавий суғориш тизимлари ўрнатилмоқда.

Лойиҳага кўра, фермер хўжалигининг 10 гектар майдонида ғалла экинлари ёмғирлатиб суғориш усулида, яна 10 гектар майдонида эса пахта экинлари томчилатиб суғориш технологияси асосида етиштирилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 5 йиллик муддатга 500 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.

Шунингдек, лойиҳани тўлиқ ишга тушириш ва суғориш агрегатларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида фермер хўжалигида қуввати 100 кВА бўлган қуёш панелларини ўрнатиш ҳам режалаштирилган. Мазкур қуёш энергетика тизимини жорий этиш учун қўшимча равишда 350 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса фермер хўжалигида электр энергиясини тежаш ва суғориш тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, “Ҳамро Сардор Нодир” фермер хўжалигида жами 82 гектар ер майдони мавжуд. Шундан 35 гектар майдонга ғалла, 47 гектар майдонга эса пахта экинлари жойлаштирилган. Фермер хўжалигида замонавий суғориш технологияларининг жорий этилиши мазкур ер майдонларидан янада самарали фойдаланиш имконини беради.

–Жорий этилаётган ёмғирлатиб суғориш тизими ғалла экинларини парваришлашда сувни анча тежаш имкониятини яратади, –дейди фермер хўжалиги раҳбари Равшан Мирзоев. –Бу усулда сув майдон бўйлаб бир текис тақсимланади, тупроқ намлиги бир хил сақланади ҳамда сув сарфи 30-40 фоизгача камаяди. Натижада экинларнинг ўсиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилиб, ҳосилдорликни оширишга эришилади.

Томчилатиб суғориш тизими эса пахта етиштиришда энг самарали ва тежамкор усуллардан бири ҳисобланади. Бу технология орқали сув тўғридан-тўғри ўсимлик илдиз қисмига етказилади. Натижада сув сарфи 40-50 фоизгача тежалади, минерал ўғитлар ҳам аниқ миқдорда берилади, бегона ўтлар камроқ ўсади ва экинларнинг ўсиш жараёни янада яхшиланади. Бу эса, ўз навбатида пахта ҳосилдорлигининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалигида бундай инновацион технологияларни кенг жорий этиш сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири