Сирдарё вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида сув хўжалиги объектлари атрофида мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари кенг кўламда экилиб, ҳудудларнинг кўриниши ободонлаштирилмоқда. Жорий йилнинг 8 ноябридан бошлаб, вилоятда кўчат экиш бўйича “долзарб бир ойлик” эълон қилинди.
Ҳудудларда ташкил этилган ҳашарлар орқали каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари бўйлаб 2,5 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Кўчат экиш жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида сув хўжалиги тизими ташкилотлари иштирокида ҳудудий штаб фаолияти йўлга қўйилди ҳамда кундалик мониторинг тизими ишга туширилди.

– Энг асосийси, бу ишлар изчил суратларда давом этяпти. “Яшил макон” нафақат ҳудудларни ободонлаштириш, балки сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳар бир кўчатнинг суғориш манбаи, турига мос ер шароити ва парвариш тизими ҳисобга олинган ҳолда ишлар амалга оширилмоқда, – деди Қуйи Сирдарё ирригация тизими ҳавза бошқармасининг бошлиғи Нуркамол Отақулов.

Мазкур ташаббус яшил майдонларни кенгайтириш, аҳолининг табиатга эътиборини ошириш ва экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилади. Лойиҳа доирасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши режалаштирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА