Сирдарё вилоятида энергия тежамкор насос станциялари ва замонавий технологиялар орқали бир йилда 1,700 млн кВт.соат электр энергияси тежалди. Бу натижа нафақат иқтисодий самарани таъминлайди, балки сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер майдонларини самарали суғориш имконини ҳам беради.
Қуйи Сирдарё ирригация тизими ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Сирдарё насос станциялари ва энергетика бошқармаси раҳбари Даврон Абдуллаев таъкидлаганидек: – Энергия тежавчи насос станциялари нафақат электр энергиясини тежаш имконини беради, балки сувдан оқилона фойдаланиш ва ер майдонларини самарали суғоришда ҳам катта аҳамиятга эга.

Бошқарма ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида 16,124 млн кВт.соат электр энергияси сарфланди. Бу энергия лимити 17,840 млн кВт.соатдан кам фойдаланилганини кўрсатади. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан энергия тежамкорлиги 4,584 млн кВт.соатга ошган.
Сирдарё вилояти сув хўжалиги бошқармаси 44 та насос станцияси ва 697 та тик қудуқ орқали 63,724 гектар ҳудудда сувдан самарали фойдаланишни таъминламоқда. Суғориш насос станциялари орқали 38,885 гектар, мелиоратив насос станциялари орқали 24,839 гектар майдон қопланган.

Энергия тежаш дастури доирасида насос станциялари модернизация қилинди: электродвигателлар, насослар, частота ўзгартирувчи ва конденсатор қурилмалари ҳамда қуёш панеллари ўрнатилди. Шу орқали қўшимча 645 минг кВт.соат электр энергияси тежалиши режалаштирилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурслари чекланган Сирдарёда тупроқ ўзанли ариқ ва каналлар бетонлаштирилмоқда, насос станциялари замонавий энергия тежамкор қурилмалар билан таъминланмоқда, экин майдонларида сув сарфи минималлаштирилмоқда.

– Биласизми, бошқарма сув ва энергия тежамкорлигини таъминлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш билан бирга барқарорлик ва экологик самарадорликни ҳам кўзда тутади. Ҳар бир агрегат ва насос сувдан оқилона фойдаланишни, ерларни мелиоратив ҳолатда сақлашни ва ҳосилдорликни оширишни таъминлайди", — дейди Даврон Абдуллаев.
Сув ва энергия тежамкорлиги соҳасидаги бу тадбирлар нафақат иқтисодий самара, балки экологик барқарорлик ва қишлоқ хўжалиги ҳосилини оширишда ҳам аҳамиятли бўлиб, Сирдарёдаги сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири