
Глобал иқлим ўзгаришлари мамлакатимизда, жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам сув ресурсларига таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти. Бу қишлоқ хўжалиги соҳасида янги муаммоларнинг вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Шу боисдан ҳам сув танқислигининг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни бартараф этиш мақсадида сув тежайдиган янги технологияларни жорий қилиш зарурати юзага келди.
– Сирдарё вилоятида сув ресурсларига бўлган йиллик эҳтиёж 3445,0 млн.м3/сек. бўлса-да, бу миқдор сўнгги йилларда бирмунча ортган. Асосий манба Сирдарё дарёси ҳисобланиб, ундан "Дўстлик" ва Жанубий Мирзачўл канали орқали ҳар йили ўртача 2931,0 млн.м3/сек. атрофида сув чиқарилади. Афсуски, бугунги глобал иқлим ўзгаришлари вилоят ирригаторлари олдига ҳам сувдан фойдаланишда тежамкор технологияларини қўллаш орқали етишмаётган 680 млн. м3/сек. сув ўрнини тўлдириш вазифаларини қўймоқда,–дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизими ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Атақулов. – Юқорида кўрсатилган 680 мл.м3/сек.етишмайдиган сувни иқтисод қилиш мақсадида сув тежовчи технологиялар жорий қилиш, ирригация объектларини таъмирлаш ва тиклаш, агротехник тадбирлар ва тик қудуқлар ўрнатиш ҳисобига сув тақчиллигини камайтириш устида иш олиб боряпмиз.


Ушбу ишлар самарасида Сирдарё вилоятидан қўшни Қозоғистон Республикасига ўтган умумий узунлиги 117 км бўлган "Дўстлик" каналининг Гулистон шаҳридан ўтган 4,405 км қисми бетонлаштирилди. Қолаверса, мазкур каналга қарашли сув иншоотларида ҳам бирмунча муаммолар кузатилаётганди. Бунга 110 йил аввал ишга туширилган сув иншоотлари, улар билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлаётганди. Давлат дастурлари доирасида, мазкур сув иншоотлари 2020-2021 йил давомида қайта реконструкция қилиниб, қўл бошқарувидан автоматик бошқарув тизимига ўтказилди. Бунинг натижасида Сирдарё вилояти ҳудудига сув берувчи Марказий ўнг тармоқ канали ва Мирзаобод, Гулистон, Сайхунобод, ва Сирдарё туманлари ҳамда йирик саноат корхоналарига сув етказувчи каналларга юқори аниқликда сув етказиб бериш имкони яратилди. Энг асосийси, ушбу жараёнларни бевосита назорат қилиб борадиган, сув сарфини ўлчайдиган "Ақлли сув" дастури жорий этилди. Бу сув йўқотишларнинг олдини олишга, мавжуд сув ресурсларидан унумли ва самарали фойдаланиш имконини бермоқда.


Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари асосида Сирдарёда ҳам сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилиб, Сардоба туманида 158 гектар, Оқолтин туманида 153 гектар, Ховос туманида 1100 гектар, Боёвут туманида 108 гектар, Гулистон туманида 738 гектар, Сайхунобод туманида 356 гектар, Сирдарё туманида 802 гектар майдонда Туркия технологияси ёрдамида ёмғирлатиб суғориш тизими йўлга қўйилди. Бунинг натижасида 8,9 млн.м3 сув иқтисод қилиниб, ҳосилдорлик 30-40 фоизга оширилди.
Энг асосийси, ўтган 2024 йилда 11 363 гектарда томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет усулида суғориш йўлга қўйилди. Бунинг ҳисобига 31 млн.м3/сек. сув иқтисод қилинди.

– Жорий йилда вилоятда 28,1 минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонларига сув тежовчи технологияларни жорий қилиш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинган. Ушбу лойиҳаларнинг тўлиғича амалга оширилиши ҳисобига вилоятда қўшимча 196 млн.м3/сек. сув иқтисод қилинади. Бу борадаги ишлар изчилик билан давом эттириляпти,–дейди ҳавза бошқармаси бошлиғи.
Сувдан тежамкор фойдаланишнинг яна бир муҳим жиҳати, агротехник тадбирларни жорий қилиш бўлса, иккинчи жиҳати, тупроқ ўзанли каналларни бетонлаштириш ва улардаги сув тўсувчи иншоотларни замонавийлаштириш мақсадида муҳим қадамлар ташланган. Бунинг натижасида вилоятдаги мавжуд фермер, агрокластерлар ҳудудидан ўтган 5423 км. ички суғориш тизимидан 1505 км бетонлаштирилди ва таъмирлаб тикланди. Қолган қисмини бетонлаштириш бўйича иш олиб бориляпти. Бу бўлса, суғориш самарадорлигини оширишга, сув ресурсларини тежашга ёрдам беради.
Албатта, бу каби тадбирлар сирдарёлик деҳқонларни ёзнинг чилласида сувнинг танқислиги билан боғлиқ муаммоддан халос қилса, дала майдонларига экилган экинлардан мўл ҳосил, юқори даромад олишни кафолатлайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири