
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасаси Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги тоғ олди ҳудудларидаги қишлоқларни хўжалик ва ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида гидрогеологик изланишлар олиб бормоқда.
Яқинда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Бойсун ва Шеробод туманларидаги ўтказилган гидрогеологик изланишлар шулардан бири. Бундан кўзланган мақсад эса лойиҳа доирасида дарё ўзанида галерея типидаги сув олиш иншооти қуриш имкониятларини ўрганишга қаратилган.
Мазкур экспедиция давомида мутахассислар сув манбалари ва уларнинг аҳолига таъсирини ўрганиб, сув олиш иншоотини қуриш учун энг муносиб жойларни аниқлади. Лойиҳа амалга ошса, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш керакки, гидрогеологик ишлар сув ресурсларини олиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш мақсадида олиб борилади. Бу жараён қишлоқ ва шаҳарларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, сув манбалари хавфсизлигини текшириш, сувнинг сифати ва миқдорини баҳолаш, шунингдек, сув чиқаришга асосланган иншоотлар, масалан, галереялар ва ҳовузлар қуришни ўз ичига олади.
Шунингдек, гидрогеологик тадқиқотлар сув манбаларига таъсир кўрсатадиган геологик ва экологик омилларни ўрганиш, сувнинг барқарорлиги ва унинг узоқ муддатли фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.
Ушбу экспедицияда иштирок этган мутахассисларнинг қайд этишича, бу каби тадбирлар экология ва барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, сув ресурсларини самарали бошқаришда амалий кўмак беради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА