Сирдарё вилоятида сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси ўрганилди. Шу мақсадда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Миролимжон Каримов ҳудудга ташриф буюриб, насос станциялари фаолияти, каналларни бетонлаштириш ишлари ва экологик ташаббуслар билан танишди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш ва улардан самарали фойдаланиш масаласига давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув йўқотишларини камайтириш ҳамда ирригация тизимини модернизация қилишга қаратилган қатор қарор ва дастурлар қабул қилинди.

Жумладан, 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастурда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, суғориш тармоқларини реконструкция қилиш, насос станцияларини энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозлаш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Сув хўжалиги вазири ўринбосари Сирдарё вилоятига ишчи сафари давомида давлат раҳбари раислигида сув масаласига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан соҳа ходимлари билан мулоқот қилди. Хусусан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тармоқларини таъмирлаш ва бетонлаштириш орқали сув йўқотишларини камайтириш бўйича берилган топшириқлар муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, Миролимжон Каримов мамлакатимизда кенг амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида сув хўжалиги тизими ташкилотлари ҳудудларида олиб борилаётган кўчат экиш ишлари билан ҳам танишди. Лойиҳа доирасида ташкилотлар ҳудудларида кўкаламзорлаштириш ишлари изчил давом эттирилиб, янги дарахт ва манзарали кўчатлар экиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу тадбирлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Сирдарё вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида “Боғистон Сабз” МЧЖ бошқарувига берилган “Сувчи-7” ва “Сувчи-8” насос станциялари фаолияти ҳам ўрганилди. Мутасаддилар мазкур иншоотларда амалга оширилаётган модернизация ишлари, уларнинг техник ҳолати, электр энергиясидан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан барқарор таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот бердилар.

Қайд этилганидек, давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар сув хўжалиги объектларини самарали бошқариш, замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса фермер ва деҳқон хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш имконини беради.
Сафар якунида мутасаддиларга сув хўжалиги инфратузилмасини янада ривожлантириш, ирригация тармоқларини реконструкция қилиш ва бетонлаштириш ишларини кенгайтириш, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш ҳамда соҳада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, аграр соҳани барқарор ривожлантириш ҳамда экологик мувозанатни таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши алоҳида таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири