Янги йил байрами арафасида Жалақудуқ тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасининг капитал таъмирланган маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Жалақудуқ тумани ҳокими Ҳикматулло Латипов, “Норин–Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Иқболжон Тоҳиров, сув хўжалиги тизими фахрийлари, вилоятдаги сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган янги бино очилиш маросимида мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини барқарор сув билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда, – дейди “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳратжон Эргашев. – Хусусан, сув ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш, сувтежамкор технологияларни жорий этиш билан бир қаторда, соҳадаги ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу албатта, тизимдаги ишлар самарадорлигини янада юқори босқичга кўтармоқда.
Ишга тушган янги бино сув хўжалиги тизими фаолиятини яхшилашга, аҳоли ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини барқарор сув билан таъминлашга хизмат қилади.
Таъмирталаб ҳолатга келиб қолган мазкур бино Жалақудуқ тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасининг ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилди. Янги жиҳозлар билан таъминланиб, ходимларнинг самарали иш олиб бориши учун зарур барча шароитлар яратилди.
[gallery-26895]
Жумладан, иш фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсадида муассаса 2 та экскаватор, 4 та мотороллер, 20 та велосипед ҳамда замонавий сув ўлчаш асбоблари билан таъминланди. Бу эса сув хўжалиги объектларида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Тадбир давомида Жалақудуқ туманида сув хўжалиги соҳасида 2026 йилда амалга ошириладиган муҳим вазифалар ҳам белгилаб олинди.
Тадбир сув хўжалиги ходимлари учун ташкил этилган “Байрам дастури” билан давом этди. Унда йил давомида фидокорона меҳнат қилиб, ҳамкасбларига намуна бўлган бир гуруҳ туман сув хўжалиги ходимларига “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда туман ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари