Сув дунёда бошқа муқобили йўқ, бебаҳо неъмат. Айни пайтда тоза ичимлик суви муаммоси бутун дунёда долзарб бўлиб турибди. Маълумотларга кўра, 250 дан ортиқ мамлакатнинг 80 тасида ичимлик суви муаммолигича қолмоқда.
Республикамизда сувнинг 85 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлатилса, 12 фоиз сув саноат учун ва қолган 3 фоизгина сув инсонлар эҳтиёжига сарфланади.

Бугунги кунда ҳудудлардаги сув таъминоти корхоналари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга тоза ичимлик суви етказиб бериш бўйича хизмат кўрсатилади. Ўзаро тузилган шартномага асосан истеъмол қилинган сувга белгиланган нархларда ҳақ тўланади. Аммо шундай истеъмолчилар борки, етказиб берилган сувга ўз вақтида ҳақ тўлашмайди ёхуд турли баҳоналарни рўкач қилган ҳолда тўлов вақтини кечиктиришади. Аслида сувга белгиланган лимит учун олдиндан ҳақ тўлаш тизими жорий этилган.

– Сув ресурсларини оқилона бошқариш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш йўлида энг муҳим жиҳатлардан бири аҳолининг тўлов маданиятини ошириш ҳисобланади, – дейди “Навоий сув таъминоти” АЖ директори Отабек Зарипов. – Сўнгги йилларда бу йўналишда олиб борилаётган чора-тадбирлар, хусусан, рақамли технологиялар жорий қилиниши ва аҳоли билан бевосита мулоқотлар ижобий натижалар бермоқда. 2025 йилнинг январь-апрель ойларида вилоят бўйича аҳоли истеъмолчилари сони 211 минг 989 тадан 214 минг 37 тага етиб, 2 минг 48 тага ошган. Бу эса сув таъминоти хизматларига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганидан далолат беради.

Ҳозирги кунда истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини ошириш борасида жойларда тизимли ишлар амалга ошириляпти. “Навоий сув таъминоти” АЖ ходимлари томонидан хонадонма-хонадон юриб, ичимлик ва оқава сув хизматлари учун тўловларни онлайн амалга ошириш имкониятлари, мавжуд сервислар ва қулайликлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ташаббус аҳоли орасида хабардорлик даражасининг ортишига ва тўлов миқдорининг ошишига олиб келяпти.

– Бугунги кунда вилоят аҳолиси учун “Шахсий кабинет” ва “Телеграм бот” каби рақамли хизматлар йўлга қўйилган, – дейди “Навоий сув таъминоти” АЖ масъул ходими Лобар Дўстова. – Ушбу платформалар орқали истеъмолчилар нафақат тўлов ҳолатини кузатиш, балки сув ҳисоблагич кўрсаткичларини ҳам мустақил равишда киритиш имконига эга. Январь ойида 5019 нафар аҳоли рақамли хизматлардан фойдаланган бўлса, апрель ойида бу кўрсаткич 6 минг нафарга етди. Бу фойдаланувчилар сони 19 фоизга ошганлигини билдиради.

Аҳолининг тўлов маданиятидаги ўсиш молиявий кўрсаткичларда ҳам акс этмоқда. 2025 йил бошида аҳоли истеъмолчиларининг умумий қарздорлиги 14 миллиард 652 миллион сўмни, май ойига келиб эса бу кўрсаткич 13 миллиард 206 миллион сўмни ташкил этган. Яъни қарздорлик 10 фоизга камайган.
Ҳозирда ичимлик суви ва канализация хизмати учун олдиндан ҳақ тўлаш қонунчилик билан тартибга солинган бўлишига қарамай, қонун ҳужжатларига нописанд қараётган истеъмолчилар ҳам мавжуд. Уларнинг муддати ўтган қарздорликларини ундириш мақсадида Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда ишлар давом эттирилмоқда.

– Жорий йилнинг январь-апрель ойларида Мажбурий ижро Кармана туман бўлими иш юритувига “Навоий сув таъминоти” АЖ фойдасига оид 420 та 2 миллиард сўмлик ижро ҳужжатлари келиб тушган, – дейди давлат ижрочиси Жаҳонгир Отақулов. – Ҳозирги кунга қадар 240 та ижро ҳужжати назоратдан чиқарилиб, 839 миллион сўм миқдоридаги маблағ ундирилди. Қолган қарздорликларни ундириш бўйича ижро ҳаракатлари давом этмоқда.
Қонунчиликда истеъмолчилар ичимлик суви учун тўловларни ҳар ойнинг 10-санасига қадар олдиндан амалга ошириши лозимлиги белгилаб қўйилган. Амалда-чи? Аслида муқобили йўқ бўлган сувдан фойдалангандан сўнг, унинг ҳақини ҳам тўлаб қўйиш барчамиз учун виждон иши бўлиши керак эмасми!?
А.Бўриев, ЎзА мухбири