Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида ҳудудларда бюджетга тушумлар ҳажмини кўпайтириш, солиқ қарзини қисқартиришда ижро ҳокимияти органлари, айниқса, солиқ идоралари раҳбарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масалалари, йўл қўйилаётган камчиликлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Дастлаб бюджет даромадларининг 2023 йил ижроси ҳолати танқидий таҳлил қилинди. Таъкидланишича, жорий йил бюджет даромадларининг контингент режаси 3 триллион 721 миллиард сўмга белгиланган бўлиб, 1 сентябрь ҳолатида режа 2 триллион 234 миллиард сўмга ёки 60 фоизга бажарилган, холос. Шунингдек, маҳаллий бюджет даромадларига 2023 йилда белгиланган 3 триллион 494 миллиард сўм прогноз 1 сентябрь ҳолатида 2 триллион 256 миллиард сўм тушумлар тушиши таъминланган.

2023 йилнинг 18 сентябрь ҳолатида бюджет даромадларининг 3-чоракдаги 912,5 миллиард сўм контингент режаси амалда 77 фоизга ҳамда маҳаллий бюджет даромадларига белгиланган 935,7 миллиард сўм режа 74,6 фоизга бажарилган.
– Бундан ташқари, ўтган август ойи бюджет кўрсаткичларининг ҳам ижроси қониқарсиз ҳолатда бўлди, – деди вилоят ҳокими. – Контингент даромадларига август ойида белгиланган 297,9 миллиард сўм режа 103 фоизга бажарилган бўлса-да, айрим ҳудудларда белгиланган режа кўрсаткичлари бажарилмади. Ҳокимликлар, солиқ органлари томонидан бюджетга қўшимча солиқ тушириш борасидаги резервлар ҳали ҳам тўлиқ ишга солинмаган. Таҳлил қилиб чиққанимизда ҳудудлардаги масъуллар, айниқса, солиқ идоралари раҳбар ходимлари мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётганлиги аниқланди. Аниқроғи, барча ҳудудий солиқ инспекциялари маҳаллий бюджетга қўшимча манбаларни жалб қилиш масаласини ўз ҳолича ташлаб қўйган.
Ҳудудларнинг маҳаллий бюджетига йўналтириладиган солиқ турлари бўйича 2023 йил январь-сентябрь ойларида тушган маблағлар ўтган йилнинг мос даврида тушган тушумлар билан солиштирилганда солиқ турлари бўйича тушумлар камайганлиги аниқланган. Бундан ташқари, айланмадан олинадиган солиқ бўйича Бухоро шаҳрида 1,4 миллиард сўмга, Когон туманида 85 миллион сўмга ва Қоракўл туманида 151 миллион сўмга ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тушумлар камайишига йўл қўйилган.

Тадбирда корхона ва муассасаларнинг жорий йил 18 сентябрь ҳолатига бюджет олдидаги 11 минг 561 ҳолатда 135,9 миллиард сўм, шундан 4 минг 642 ҳолатда 105,2 миллиард сўм муддати ўтган солиқ қарздорлиги мавжудлиги танқид қилинди. Маҳаллий бюджетда қанча кўп даромад бўлса долзарб ижтимоий масалаларни шунча тезкорлик билан ҳал қилиш мумкинлиги қайд этилди. Солиқ қарзини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишларни лозим даражада ташкил қилмаганлиги учун вилоят солиқ бошқармаси масъул раҳбарлари огоҳлантирилди.
Бюджет тушумларини таъминлашдаги асосий тўсиқлардан бири иқтисодиётда норасмий фаолиятнинг сақланиб қолинаётганидир. Вилоят ҳокими бу борадаги ишлар натижалари мутлақо қониқарсизлигини таъкидлади. Шу сабабли мутасаддиларга мазкур йўналишдаги ишларни ҳам жонлантириш вазифаси топширилди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов маҳаллий давлат ҳокимияти тузилмаларига ўз бюджетини кўпайтириш, бунинг учун қўшимча захиралар излаб топиш борасида фойдаланилмаётган имкониятлар ҳақида тўхталди. Бюджетга тушумларни ошириш юзасидан тизимли таклифларни илгари сурди.
Шунингдек, йиғилишда коррупция ва унинг салбий оқибатлари, хизмат вазифасини бажариш чоғида тамагирлик ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида тушунтиришлар берилиб, ходимлар қатъий тартибда огоҳлантирилди.
Вилоят ҳокими томонидан масъулларга солиқ қарздорлигини қисқартириб, маҳаллий бюджетга белгиланган режа кўрсаткичларини бажариш юзасидан зарур топшириқлар берилди. Сусткашликка йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан тегишли чоралар кўриш белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА