Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам ҳайит намозини юқори савияда ташкил этишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов жойлардаги жоме масжидларида ҳайит намозига таёргарлик кўриш жараёнлари билан танишди. Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий”, “Мурч бобо” ва “Мангузар” жоме масжидларида намозхонлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Диний соҳа вакиллари ва бошқа масъулларга байрамни халқимизнинг миллий анъана ҳамда урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш, ҳайит намозини тартибли ташкил этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.


Масжидлар ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари таҳлил қилиниб, намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш, ҳайит намози вақтида жамоат тартибини ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.


Инсонпарварлик ғояларини мужассам этган муборак ва фазилатли ой жорий йил воҳада халқимизнинг саховат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувват, шукроналик ва бағрикенглик, динлараро тотувлик каби фазилатларини янада кенг намоён этди. Жумладан, “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида эҳтиёжмандлар ва илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдамлар кўрсатилди. Муқаддас қадамжо ва қабристонлар ободонлаштирилди. Кўкаламзорлаштириш юмушлари амалга амалга оширилди. Қарийб 1 минг 500 та кам таъминланган ва боқувчиси йўқ, ногиронлиги бор оила ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, ифторлик тадбирлари ташкил этилди. 9 мингга яқин камбағал оилага ифторлик тадбири учун озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Маълумотларга кўра, эртага вилоятдаги 133 та жоме масжидида муборак Рамазон ҳайити намози ўқилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири